Март ойининг охирида Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги 340 км узунликдаги Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш режалари тўғрисида хабар берди. Пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослар Жаҳон банки консультантлари томонидан ишлаб чиқилди.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг транспорт лойиҳалари координатори Мансур Бустони «Газета.uz» га берган интервьюсида ушбу автомобиль йўли билан боғлиқ баъзи масалаларга изоҳ берди.

— Тошкент-Андижон тезюрар автомобиль йўли лойиҳасининг мақсади ва вазифалари нимадан иборат?

— Ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун тезкор, хавфсиз ва барча фасллар давомида йўловчилар ва юк ташишни мамлакат ҳудудлари ўртасида ҳам, ундан ташқарида ҳам таъминлашга қодир бўлган темир йўл ва автомобиль йўлларининг самарали тизими бўлиши зарур. Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг ушбу босқичида бу вазифа ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Давлат транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш орқали минтақалар ўртасида транспорт алоқаларини ривожлантиришга катта маблағ сарфлайди. 2035 йилгача миллий транспорт тизимини ривожлантириш режалари доирасида ҳукумат мамлакат бўйлаб транспорт активларини ривожлантириш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган. Улар мавжуд йўллар тармоғини модернизация қилишни ҳам ўз ичига олади. Ушбу чора-тадбирлар маҳаллий аҳоли фаровонлигининг ўсишига ва тегишли минтақалар ва умуман мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади.

Айни пайтда ҳукумат томонидан Жаҳон банки гуруҳи кўмагида ишлаб чиқилаётган ана шундай лойиҳалардан бири бу Тошкент-Андижон автомобиль йўлини модернизация қилишдир. Уни юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган автомагистралга айлантириш имконияти кўриб чиқилмоқда. Магистраль фойдаланувчиларининг йўлдаги вақтини қисқартириш учун лойиҳа Қамчиқ довони орқали туннель қуришни ҳам ўз ичига олади.

Ҳозирги кунда Фарғона водийсидаги вилоятларни Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғлайдиган фақатгина битта явтомобил йўли борлиги ҳисобга олинса, лойиҳа катта стратегик аҳамиятга эга. Туннелни ҳам ўз ичига олган янги автомагистраль мамлакатнинг аҳолиси энг гавжум қисмининг бошқа минтақалар билан транспорт алоқасини яхшилашга ёрдам беради.

Дастлабки тадқиқотлар шуни кўрсатадики, янги автомагистраль фойдаланишга топширилгандан сўнг, Тошкентдан Андижонга саёҳат вақти тахминан 2 соатга қисқаради. Ушбу йўл бўлажак инвестор яратиши керак бўлган жаҳон даражасидаги инфратузилма туфайли анча қулай ва хавфсизроқ бўлади.

Лойиҳа, шунингдек, қўшни давлатлар билан транзит алоқаларни ва савдо логистикасини яхшилаши кутилмоқда. Шундай қилиб, автомагистраль Ўзбекистонни Қирғизистон ва Хитой билан боғлаб, янги Тошкент-Ўш-Иркештам халқаро транзит коридорининг бир қисмига айланади.

Ушбу йўлак мамлакат ҳудуди бўйлаб ўтадиган энг муҳим савдо йўлларидан бири бўлади. Модернизация қилинган автомагистраль Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги юкларнинг транзит вақтини 8−10 кундан 2 кунгача қисқартиришга ёрдам беради, шунингдек маҳаллий маҳсулот ва хом ашё ишлаб чиқарувчилари учун янги халқаро бозорларга чиқишни осонлаштиради.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши автомобиль йўлини қуриш ва янги туннель қуриш пайтида ҳам, фойдаланишга топширилгандан кейин ҳам минглаб янги иш ўринларини, шу жумладан, кўрсатилган транспорт йўлаги бўйлаб яшовчилар учун иш жойларини яратишга ёрдам беради.

— Ушбу лойиҳа қандай амалга оширилади?

— Ўзбекистон ҳукумати лойиҳани давлат-хусусий шериклик (ДХШ) форматида амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда, яъни автомобиль йўлини қуриш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи тегишли халқаро тажрибага эга бўлган хусусий инвесторга ўтади. Бу инвестор очиқ халқаро танлов асосида аниқланади.

Ушбу ДХШ форматидаги лойиҳа Ўзбекистон транспорт соҳасида биринчи бўлиши ва келажакда бутун мамлакат бўйлаб шу каби лойиҳаларни амалга ошириш учун потенциал модель бўлиб хизмат қилиши мумкин.

— Ушбу лойиҳада Жаҳон банки гуруҳининг роли қандай?

— Жаҳон банки гуруҳи ушбу транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишда ҳукуматга техник ёрдам кўрсатиш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар, шу жумладан, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги ДХШни ривожлантириш агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

Ҳукумат мурожаатига биноан биз лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асослари (ДТИА) ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи лойиҳани ишлаб чиқишни давом эттириш учун инвестициядан олдинги тадқиқотларни тайёрлашда, кейин эса потенциал инвесторларни жалб қилиш бўйича халқаро танловни ўтказишда ҳам ёрдам беради.

— Аввалроқ, янги автомагистраль эксплуатацияга топширилгандан кейин ундан фойдаланиш учун тарифлар эълон қилинган эди. Енгил автомашиналар учун фойдаланиш нархи сўм эквивалентида 5−7 доллар, юк машиналари ва автобуслар учун эса сўм эквивалентида 15 долларга тенг бўлиши айтилган эди. Шунга изоҳ бера оласизми?

— Шуни таъкидлашни истардимки, олдинроқ ДХШни ривожлантириш агентлигидаги ҳамкорларимиз томонидан эълон қилинган тарифлар тўғрисидаги маълумотлар ДТИАда аниқланган ва фойдаланилган дастлабки ўртача баҳо ҳисобланади. Эълон қилинган тарифлар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ўхшаш лойиҳалар учун фақат тақрибий кўрсаткичлардир.

Янги автомагистралда транспорт воситалари учун йўл ҳақи нархи ҳақида гапиришга ҳали эрта. Лойиҳани ишлаб чиқиш доирасида халқаро танловни ўтказиб, йўлни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича хизматлари учун ҳукуматга энг яхши нархни таклиф қилган инвесторни аниқлаб, у билан тегишли шартнома тузилгандан кейингина тарифларни аниқлаш мумкин. Ушбу шартномада, бошқа нарсалар қатори, йўл ҳақининг аниқ нархи ҳам кўрсатилади.

Кўриб турганингиздек, бир неча босқичлар мавжуд бўлиб, уларни амалга оширмасдан автомагистралдан фойдаланиш учун келажакдаги тарифлар ҳажмини аниқлаш мумкин эмас.

— Йўл қуриш жараёнини бошлаш учун яна қандай режалар амалга оширилиши керак?

— ДТИА натижалари шуни кўрсатадики, лойиҳани янада ривожлантириш учун унда зарур имкониятлар мавжуд ва у мамлакатга катта иқтисодий фойда келтириши мумкин. Бундай йирик инфратузилма лойиҳаси учун бу жуда муҳим хулоса, чунки техник-иқтисодий асосда иқтисодий ва молиявий нуқтаи назардан қандай шароитларда хусусий сармояларни жалб қилиш мумкинлигини тушунишга имкон берадиган дастлабки маълумотлар мавжуд.

Кейинги босқичда ҳукумат инвестициядан олдинги ва керакли муҳандислик-техник тадқиқотларини тайёрлашни режалаштирмоқда. Улар лойиҳанинг асосий техник, молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий, экологик ва ижтимоий жиҳатларини баҳолайдилар ва батафсилроқ аниқлайдилар.

Инвестициядан олдинги тадқиқотлар тугагандан сўнг ва кейинчалик ҳукумат томонидан лойиҳа маъқулланган тақдирда, ДХШ лойиҳасиниг тузилмаси ишлаб чиқилиши ва хусусий инвесторларни жалб қилиш учун халқаро танловга қўйилиши мумкин. Ва фақат танлов натижаларига кўра, йўлнинг аниқ участкалари учун якуний тарифлар халқаро компанияларнинг энг яхши таклифига асосан аниқланади.

Бу ҳолатда, ҳукумат 2019 йил Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича биринчи халқаро танловни ўтказишда фойдаланган моделга ўхшаш моделдан фойдаланилади.

Эслатиб ўтаман, ўшанда квалификациядан олдинги саралашда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, БАА, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Россия, Испания, Норвегия ва Франциядан 23 та компания қатнашган. Шулардан 11 та компания танлаб олинган. Натижада, 5 та хорижий компания тендер доирасида тижорат таклифларини берди, улар орасида ғолиб бўлган БААнинг Масдар Слеан Энергй компанияси ҳам бор эди. Компания ҳукуматга энг паст нархда электр энергиясини етказиб беришни таклиф қилди — 1 кВт/соат учун тахминан 2,7 сент. Ўша пайтда, бу ривожланаётган бозорларда қуёш энергиясидан электр токини ишлаб чиқариш учун энг паст тарифлардан бири эди.

— Автомобиль йўлини қуриш бўйича халқаро тендерни қанча вақт ичида ўтказиш мумкин?

— Айни пайтда инвестициядан олдинги тадқиқотлар ва батафсил муҳандислик-техник тадқиқотлар якунига қадар тендерни ўтказишнинг аниқ муддати ҳақида гапириш қийин. Улар юқори сифатли ва ишончли лойиҳани тузиш ва ДХШ шартлари ва параметрларини аниқлаш учун зарур. Шуни таъкидлаш керакки, бундай инфратузилма лойиҳаларини тайёрлаш, халқаро тажриба кўрсатганидек, техник тадқиқотлар тугагандан сўнг бир йил ёки ундан кўпроқ вақтни талаб қилади.

Ўзбекистон учун дунёнинг бошқа қисмларида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва тезюрар йўлларни бошқариш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга бўлган етакчи хорижий компаниялар иштирокидаги шаффоф ва очиқ жараён фойдали бўлади. Бу ҳолатда, ҳукуматга хизматларнинг нархлари ва сифатининг оптимал нисбати билан энг рақобатбардош таклифлар берилишини кутиш мумкин.