«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Тошкент метрополитенининг Сергели йўналиши фаолияти тўхтаб қолганига изоҳ берди. Бу ҳақдаги хабарлар 8 апрель куни эрталаб ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Жумладан, «Олмазор» ва «Бекат-1» станциялари ўртасида тўхтаб қолган поезд йўловчилари ер усти эстакадаси бўйлаб пиёда эвакуация қилинган. Бу ҳақда Kun.uz ҳам хабар берар экан, энергия билан таъминловчи қурилмаларнинг парчаланиб, 30−50 метр масофага сочилиб кетганини маълум қилди.

«Бугун, тахминан 10:45да Тошкент метрополитенининг Сергели йўналиши техник сабабларга кўра тўхтатилди. Барча йўловчилар эвакуация қилинди. Сергели метро йўналиши бўйлаб бепул автобуслар ҳаракати ташкил этилмоқда», — дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси хабарида.

Aйни вақда, «Тошкент метрополитени» раҳбарияти воқеа жойида вазият сабабларини аниқламоқда. «Булар ҳақида батафсил хабар берамиз», — дея қайд этди компания.

Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналиши («Олмазор» — «Буюк Ипак Йўли») одатдаги тартибда фаолият кўрсатмоқда.

Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишида поездлар ҳаракати соат 16:45да тикланди. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси маълум қилди.

Аввалроқ Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишидаги ҳаракатини тўхтатиш сабаби контакт релсининг кронштейни ушлаб туриш қурилмаларадан чиқиб кетгани хабар қилинган эди.

Бу метронинг янги йўналишида содир бўлган биринчи ҳодиса эмас. Март ойида «Олмазор» ва «Бекат-1» станциялари ўртасидаги туннелда иккита поезд тўқнашган эди.