Effect.uz интернет-нашри мухбирлари жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди биносидаги воқеадан кейин қидирувга берилиб, сиртдан ҳибсга олинди, деб хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Воқеа тафсилотлари

Элёрбек Тожибоев ва Одил Бегимкулов.

Январь ойида нашр жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди биносидан мухбирлар Элёрбек Таджибаев, Акбар Нуримбетов ва Хамиджон Аҳмедов иштирокидаги иккита видеони (биринчиси 600 мингдан ортиқ кўрилган, иккинчиси — 180 мингдан ортиқ) эълон қилган эди. Дастлабки икки мухбир суд раиси Одил Бегимқулов билан зиддиятга киришиб, бошқа даъвогарлар билан биргаликда унинг кабинетига суд мажлисидан олдин киришган. Ўша мажлисда катта миқдордаги фирибгарликда айбланган Икром Худояровга нисбатан ҳукм чиқарилиши керак бўлган.

Судья унинг рухсатисиз уларнинг кабинетга киришга ҳақлари йўқлигини таъкидлаган. Томонлар узоқ вақт тортишган, журналистлар аввал судьянинг талаби ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг уларни олиб чиқишга уринишларига қарамай, ичкаридан чиқишни рад этишган, лекин охири хонани тарк этишган. Судланувчининг опаси Гўзал Худоярова суд раиси Одил Бегимқуловни «ўғри ва фирибгар» деб атаган.


Гўзал Худоярова (чапда) ва Икром Худояров.

Суд жараёнида журналистлар судья ва прокурор ёрдамчиси билан суд мажлисининг видеоёзуви ҳақида баҳслашишда давом этишган. Натижада Одил Бегимқулов суд жараёни давомида тартибни бузганликларини айтиб, уларни суд залидан чиқиб кетиши тўғрисида қарор қилган.

Судьялар олий кенгаши ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун бош прокурорга тақдимнома киритди.

«Effect.uz ходимларининг суд раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни ўта қўпол тарзда талаб қилиши журналист одобига зид хатти-ҳаракат, суд мустақиллиги ва судья дахлсизлигига очиқдан-очиқ тажовуз ва ҳурматсизлик», — дейилади кенгаш баёнотида.

Кенгашнинг қайд этишича, журналист ёки блогерларнинг очиқ суд мажлисида иштирок этишига ҳеч қандай монелик йўқ. Бироқ, процессуал қонунчилик талабига кўра, суд жараёнини тасвирга олишга рухсат бериш (тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда) суд мажлисига раислик қилувчи томонидан ҳал этиладиган масала.

Текширув ва тергов

Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси ушбу ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ўтказди ва Жиноят кодексининг 236 (суд ишларини тергов қилишга ёки ҳал қилишга аралашиш) ва 219- моддалари (ҳокимият вакили ёки фуқаролик бурчини бажарувчи шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатди. Тергов Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

«Тергов давомида Effect.uz`нинг икки мухбири ва жиноий ишда иштирок этган бир аёл тергов органи томонидан бир неча бор чақирилганига қарамай, номаълум сабабларга кўра прокуратурага келишдан бош тортишди», — дейилади хабарда.

Натижада, икки журналистга — Элёрбек Таджибаев ва Акбар Нуримбетовга Жиноят кодексининг 219-модданинг биринчи қисми (хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш), 219-модданинг 2-қисми (шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 236-модданинг 1-қисми (терговга ёки суд ишларини ҳал қилишга аралашиш) бўйича сиртдан айблов эълон қилинди. Уларга нисбатан сиртдан суд ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини тайинлади.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, Гўзал Худаярова Жиноят кодексининг 139-модданинг 3-қисмининг «а» ва «г» бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб ва ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинган туҳмат) билан укасини ишини кўриб чиқаётган «судьянинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақоратлагани ва камситгани» ҳамда 140-модданинг учинчи қисмин «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариш билан боғлиқ ҳақорат) учун сиртдан айбланган. Шунингдек, унга нисбатан «тилхат» эҳтиёт чораси қўлланилиб, унга ҳам нисбатан қидирув эълон қилинган.


Хамиджон Аҳмедов (чапда).

Ўз навбатида, Effect.uz сайтининг яна бир мухбири Хамиджон Аҳмедов терговга қадар текширув пайтида ва тергов давомида тергов органига келган, дейилади хабарда.

Effect.uz раҳбари Акмалхон Эшонхонов «Газета.uz»нинг илтимосига биноан Элёрбек Таджибаев чақирув олмаганлигини, Акбар Нуримбетов эса фақат 30 март куни 23 мартда прокуратура ҳузурига келиш учун чақирув олганини айтди. Унга кўра, Элёрбек Таджибаев икки маротаба прокуратурага келган, Акбар Нуримбетов касаллиги сабабли тергов органига бора олмаган.

Бош прокуратура Элёрбек Таджибаев прокуратура биносига бир марта борганини, аммо адвокат чақирилиши зарурлигини айтиб, кўрсатма беришдан бош тортгани ва терговчиларнинг чақириғига қарамай, келмаганини маълум қилди.