Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши жиноят ишлари бўйича Термиз тумани судида Effect.uz сайти ходимлари билан содир бўлган ҳолат юзасидан баёнот берди.

Аввалроқ, Effect.uz YouTube-каналида ОАВ вакиллари суд жараёнини ёритиш мақсадида суд раиси хонасига боргани, икки томон ўзаро тортишиб кетгани ва бир-биридан ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этгани акс этган видеолавҳа эълон қилинган эди.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш сўрови билан Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурор номига тақдимнома киритилган.

«Лавҳада акс этган Effect.uz ходимларининг суд раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни ўта қўпол тарзда талаб қилиши журналист одобига зид хатти-ҳаракат, суд мустақиллиги ва судья дахлсизлигига очиқдан-очиқ тажовуз ва ҳурматсизлик», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, кенгаш матбуот хизматининг таъкидлашича, журналист ёки блогерларнинг очиқ суд мажлисида иштирок этишига ҳеч қандай монелик йўқ. Бироқ, процессуал қонунчилик талабига кўра, суд жараёнини тасвирга олишга рухсат бериш (тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда) суд мажлисига раислик қилувчи томонидан ҳал этиладиган масала.

Айтилишича, Effect.uz ходимлари ўрнатилган тартибга риоя қилмасдан суд мажлисига рухсатсиз ва видеокамерани ёққан ҳолда кириб, туман суди иш юритувидаги фирибгарликда айбланаётган И.Х.га оид суд жараённи видеотасвирга тушириш ҳақида оғзаки илтимоснома билан мурожаат қилган. Унинг илтимосномаси раислик қилувчи томонидан (тарафлар фикрини инобатга олган ҳолда) рад қилингач, журналист судланувчининг яқин қариндошлари билан яна жанжал кўтариб, судга намойишкорона ҳурматсизлик кўрсатади.

Бундан ташқари, баёнотда юқоридаги шахсларнинг хатти-ҳаракати, хусусан судга ҳурматсизлик қилгани ва раислик этувчи судья ва ИИБ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаганлиги ҳолати бўйича тузилган материал юзасидан суриштирув олиб борилаётган бир пайтда ОАВ вакиллари ҳолат бир томонлама талқин этилган иккинчи лавҳасини ижтимоий тармоқларда намойиш этади.

«Бу суриштирув ишларига таъсир ўтказиш, судлар фаолияти ва судьялар дахлсизлигига нисбатан ҳурматсизлик ҳамда журналист томонидан бугунги очиқлик сиёсатини ҳамда ўз ваколатини суиистеъмол қилишдан бошқа нарса эмас», — дейилади кенгаш баёнотида.