«Ангрен» эркин иқтисодий зонасида жойлашган Birinchi Rezinotexnika Zavodi МЧЖ шина ишлаб чиқариш заводи қувватининг 15 фоизида ишламоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Ҳисоб палатасининг 2020 йил учун ҳисоботига таяниб хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, резинотехника заводи (Bars бренди остида шиналар ишлаб чиқаради) омборида 100 мингта шина сотилмай турибди. «Сабаби доимгидек, сифат талабга жавоб бермайди. Сўнгги икки йилда UzAuto Motors 60 млн долларга яқин шина импорт қилган», — деб ёзади депутат.

Алишер Қодировнинг тушунтириш беришича, Хитой Эксимбанкининг жалб қилинган 156,4 миллион доллар маблағи ҳисобига барпо этилган завод 3 млн дона шина ишлаб чиқариши ва шиналар маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг импорти ўрнини қоплаши керак эди.

«Лойиҳа нотўғри режалаштирилганми? Қарз тўғри ишлатилдими? Қарздан кутилган натижа олиндими? Саволларга: „…ҳаракатлар бошланган, сифат сертификатлари олинмоқда“, қабилида жавоб олинди. Лекин савол туғилади: нимага энди?» — деган саволни ўртага ташлади у. Депутатнинг фикрича, бундай хатолар ислоҳотларга жиддий зарар беради.

Алишер Қодиров «Миллий тикланиш» партияси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовни ушбу масала билан бир қаторда хорижий қарз-инвестицияларни самарали ишлатилаётганлиги масаласида эшитувини ташкил этишини маълум қилди.

«Резинотехника» Собиқ Иттифоқ даврида республикадаги йирик резинатехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси эди. Корхонанинг лойиҳавий қуввати йилига енгил автомобиль ва автотиркамалар (профиль 41/21) учун 120 мингта шина, 9 млн жуфт махсус оёқ кийим, 600 минг квадрат метр резинали мато ва 1000 тонна маҳсулот резинасини ишлаб чиқаришни ташкил этган. Россиядан хом ашё етказиб бериш кескин тушиб кетгани сабабли корхона қуввати сўнгги йилларда 5 фоиздан пастроққа пасайиб кетди.

2013 йил декабрида «Ўзкимёсаноат» бошланғич қиймати 190 млн доллар бўлган қурилишга бош пудратчи танлаш бўйича тендер эълон қилди. Шу йилнинг августида тендер бўлиб ўтмаган деб топилди. 2014 йил ноябрида «Ўзкимёсаноат» ва Poly Technologies завод қурилишига шартнома имзолади. 2016 йил сентябрида объект қурилишига президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.

Завод қурилиши 2018 йилнинг августида якунланди, Хитойнинг Poly Technologies ва Linglong компаниялари лойиҳанинг бош пудратчилари бўлди.

2019 йилнинг апрелида Вазирлар Маҳкамаси «Биринчи резинатехника заводи»ни давлат харидлари учун қишлоқ хўжалиги техникалари ва автомобиль шиналарини ягона етказиб берувчиси этиб белгилади.

2019 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ва «Тафтнефть» «Биринчи резинотехника заводи»га эгалик қиладиган қўшма корхона ташкил этгани маълум бўлди. Россия компанияси ишлаб чиқаришга камида 500 млн доллар тикиши хабар қилинди.

Ўтган йили Инқирозга қарши кураш жамғармаси заводга биринчи даражали харажатларини қоплашга ссуда кўринишида 40 млрд сўм ажратди.