Ўзбекистонда ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилади. Бу президентнинг 26 мартдаги фармонида кўзда тутилган. Ҳужжат «жамоат хавфсизлигини таъминлаш», «ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш» мақсадида қабул қилинди.

Аввалроқ мазкур фармон билан Ички ишлар вазирлиги тузилмасини ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилаётгани, жумладан, бошқарма ва хизматлар департаментларга бирлаштирилаётгани (жумладан, Жиноят қидирув бош бошқармаси, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармаси Тезкор-қидирув департаментига), ички ишлар органларининг таянч пунктлари асосида маҳалла ҳуқуқни муҳофаза қилиш пунктлари ташкил этилаётгани, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида профилактика инспекторларига масофадан туриб мурожаат қилиш мумкин бўлган «Smart маҳалла» тизими жорий этилаётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Фармон иловасидан ўрин олган «йўл харитаси»га мувофиқ, апрель охирига қадар Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш кутилмоқда. Ҳужжатда патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва пробация хизматлари бўлинмаларининг ўзаро ҳамкорликда ишлаши бўйича янги механизмларни белгилаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Миллий гвардия бўлинмаларининг жамоат тартибини сақлаш тизимидаги ваколатлари ва шахсий жавобгарлиги белгиланади, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини кунлик назорат қилишда профилактика инспекторлари билан ҳамкорлик механизмларини жорий этган ҳолда пробация бўлинмаларининг фаолияти самарадорлиги оширилади. Туман ва шаҳар пробация бўлинмалари тегишинча туман ва шаҳар ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказилади.

Тошкентдаги 24 та ички ишлар бўлимлари ва айрим тузилмаларининг раҳбарлик лавозимлари мақбуллаштирилиб, бўшатилаётган штат бирликлари пойтахт ички ишлар органларининг профилактика ва тергов-тезкор тузилмаларини кучайтиришга йўналтирилади.

Фармон билан қуйидаги лавозимлар тугатилмоқда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг ўринбосари — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси (бўлими) бошлиғи;
  • вилоят ички ишлар бошқармаси (бош бошқармаси) бошлиқларининг пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосари.

Улар ўрнига Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозими жорий этилади.

Патруль-пост ва йўл-патруль хизмати бўлинмалари фаолиятини, шунингдек, маҳаллалар ва жамоат жойларида манзилли профилактик тадбирлар ўтказилишини мувофиқлаштириш, муқаддам судланган ва пробация ҳисобига олинган шахслар билан ишлаш ҳамда ички ишлар органларининг тунги хизматини ташкил этиш уларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.