Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан биргаликда @stopnarko_bot Telegram-ботини ишга туширди. Ушбу бот орқали гиёҳванд моддалар рекламаси ҳақида хабар бериш мумкин.

АОКА хабарига кўра, энди фуқаролар реклама жойлашган манзил ҳақидаги маълумот ёки унинг локациясини ботга йўллаши мумкин. Бу бот орқали ички ишлар органлари хабардор қилинади ва реклама ўчирилади.

Сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар тўғрисида реклама вақти-вақти билан Тошкентнинг турли туманларида пайдо бўлмоқда. Яқинда «Потребитель.Уз» интернет-ҳамжамияти бундай рекламалар тобора кўпайиб бораётгани ҳақидаги хабарни эълон қилди. Қайд этилишича, асосан Чилонзор, Учтепа ва Мирзо-Улуғбек туманларида бундай ҳолатлар кузатилаётгани айтилмоқда.

«Биз реклама қилинган каналларни кўрдик — у ерда ҳамма нарса очиқ, батафсил ва нархлари билан. Бундан ташқари, Тошкентда тарқатувчи сифатида ишлаш учун кўплаб таклифлар мавжуд. Каналларнинг 9−10 минг обуначиси бор. Улар гиёҳванд моддаларни сотгани учрашувга келишмайди. Пул электрон ўтказма орқали қабул қилинади, сўнгра туманнинг бирон бир жойида белги қўйилади ва Telegram`да дозани қаердан олиш кераклиги маълум қилинади. Шунинг учун ёшлар — шаҳар бўйлаб белгиларни қўйиш учун ёлланадилар», — дейилади хабарда.

Баъзи жойларда аҳолининг ўзи ёзувларни бўяган ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига хабар қилинганида, маҳаллий профилактика инспекторига мурожаат қилишлари сўралган.

Жамият маъмурияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини «шошилинч равишда Telegram-бот яратишга», депутатларни эса аҳоли турар жойларида доимий рейдлар ташкил этишга чақирган.