Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг маслаҳатчиси — Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Инвестициялар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумот учун, ушбу Жамғарма рақобатбардош маҳаллий компанияларга инвестициялар киритиш, шунингдек, хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро фойдали шериклик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.

Отабек Назиров инвестиция соҳасида катта тажрибага эга, АҚШдаги Goldman Sachs ва JPMorgan Chase, Россиядаги Тройка Диалог ва МДМ-Банк каби йирик молиявий ва инвестиция компанияларида, шунингдек, Лондон шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкида ишлаган.

У 2018 йилда инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари лавозимида, кейинчалик Халқ таълими вазирининг ўринбосари сифатида фаолият юритган. 2019 йилнинг январь ойидан буён Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори лавозимида ишлаб келган.