2020 йилда коррупция ҳолатлари бўйича 2 270 кишига нисбатан жиноий иш очилган. Бу ҳақда сенат раиси Танзила Нарбаева 29 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида маълум қилди.

«Коррупция — ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган хавфли ҳодиса», — дея таъкидлади сенат раиси.

Нарбаеванинг таъкидлашича, «Transparency International» халқаро ноҳукумат ташкилотининг 2020 йил учун эълон қилинган коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон ўрни 7 поғонага яхшиланиб, 180 давлат орасида 146-ўринни эгаллаган бўлса-да, давлат раҳбарининг 2020 йил 2 июндаги тегишли фармонида тасдиқланган самарадорлик кўрсаткичига (KPI) ҳали эришилмаган.

«Фармонда 25 баллдан 27 баллга кўтарилиш вазифаси қўйилган. Лекин бор-йўғи 1 баллга (26 балл) кўтарилиш қайд этилган, холос», — дейди сенат раиси.

У амалга оширилаётган ишларга қарамасдан коррупцияга қарши курашишда катта ўзгаришга эришилмагани, бундай жиноятлар ҳали камаймаганини қайд этди.

Маълумотга кўра, 2020 йилда судлар томонидан коррупция ҳолатлари бўйича 2 минг 270 шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган. Улардан:

  • 1056 нафар шахсга нисбатан пора бериш (211-модда);
  • 825 нафар шахсга нисбатан мансаб сохтакорлиги (209-модда);
  • 184 нафар шахсга нисбатан ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда);
  • 133 нафар шахсга нисбатан пора олиш (210-модда) моддалари бўйича жиноят ишлари кўриб чиқилган.

Таҳлилларга кўра, коррупция билан боғлиқ жиноятлар асосан ишсизлар (23 фоиз), таълим (17 фоиз), тиббиёт (7 фоиз), банк (5 фоиз), қурилиш (3 фоиз), ички ишлар (3 фоиз) тизими ходимлари томонидан содир этилган.

Ушбу жиноятларнинг 89,4 фоизи қуйи бўғин (туман, шаҳар ёки уларга тенглаштирилган), 9,2 фоизи ўрта бўғин (вилоят ёки уларга тенглаштирилган), 1,4 фоизи юқори бўғин (республика ёки унга тенглаштирилган) ходимлари ёки мансабдор шахслари томонидан содир этилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва «Ижтимоий фикр» марказига ушбу масала бўйича аҳоли фикрини ўрганган ҳолда Миллий кенгашга тақдим этиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, йиғилишда қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва уларни бартараф этиш бўйича ишларни тизимли давом эттириш лозимлиги айтилди.

Айтилишича, Адлия вазирлиги томонидан қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари экспертизадан ўтказилганда, 226 та қонун ҳужжатининг 65 тасида (29 фоизи) 292 та коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланган. Булар, асосан:

  • «норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги» (81 та);
  • «дискрецион ваколатларнинг кенглиги» (53 та);
  • «маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги» (25 та) билан боғлиқ коррупциявий омиллардир.

Қурилиш соҳасидаги 44 та қонун ҳужжатининг 23 тасида 124 та коррупциявий омил, соғлиқни сақлаш соҳасидаги 70 та қонун ҳужжатининг 13 тасида 41 та коррупциявий омил, олий таълим соҳасидаги 96 та қонун ҳужжатининг 17 тасида 81 та коррупциявий омил, давлат харидлари соҳасидаги 16 та ҳужжатнинг 12 тасида 46 та коррупциявий омил аниқланган.

Танзила Нарбаеванинг таъкидлашича, бу каби омиллар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига ҳам сабаб бўлмоқда. «Масалан, 2019 йилда 59 та бу каби ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 162 тага ортган. Қолаверса, Ҳисоб палатаси томонидан 82 та қурилиш объектида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича ўтказилган текширишларда 66 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган», — дейди у.