Беларусда Озодлик кунида 200 дан ортиқ киши ҳибсга олинди

Беларусь Ички ишлар вазирлиги 25 март — Озодлик кунини нишонлаш пайтида оммавий тадбирлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун 200 дан ортиқ одам ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди. Минскда 136 киши, мамлакатнинг 19 шаҳрида 50 дан ортиқ киши ҳибсга олингани айтилмоқда. Баъзи фуқаролар уй тинтувларидан сўнг ҳибсга олинган, бошқалари эса кўчаларда. Ўша куни Минскда ҳарбий техника, жумладан бронетранспортёрлар, разведка ва патрул транспорт воситалари, юк машиналари, дала ошхоналари кўринди. Пойтахт аҳолиси шаҳар кўчалари бўйлаб юришди, ҳайдовчилар эса фаол равишда сигнал чалишди. Республикада рўйхатдан ўтмаган «Весна» инсон ҳуқуқлари марказининг маълумотларига кўра, 25 март куни мамлакат бўйлаб 245 киши, уларнинг 176 нафари Минскда ҳибсга олинди. — Газета.uz

Ирода куни — Беларусда 1918 йил 25 мартда Беларусь Халқ Республикаси эълон қилинган йиллиги норасмий даражада нишонланади. Aввалроқ, Минск шаҳар Ижроия қўмитаси Ирода кунидаги намойиш ва митингни расман тақиқлаган эди.


Ҳиндистондаги фермерлар янги қонунларга норозилик сифатида йўлларни тўсишди

Ҳиндистонда қишлоқ хўжалиги тўғрисидаги янги қонунларга қарши норозилик билдирган фермерлар 25 март куни мамлакат бўйлаб бир қатор темир ва магистрал йўлларни тўсиб қўйишди. «Бҳарат Бандҳ» («Ҳиндистонни қулфла») акцияси тонг отгандан бошланиб ва маҳаллий вақт билан соат 18:00да тугаши маълум қилинди. Деҳли чеккасида ўтган йилнинг ноябрь ойи охиридан бошлаб фермер ва деҳқон уюшмаларининг минглаб вакиллари норозилик намойишларини ўтказиб, қишлоқ хўжалиги тўғрисидаги янги қонунларни бекор қилишни талаб қилишмоқда. Расмий равишда, қонунлар фермерларга ўз маҳсулотларини тижорат бозорида мамлакатнинг исталган нуқтасида сотиш имкониятини бериш орқали даромадларини оширишни назарда тутади. Aммо намойишчилар бу қонунлар амалда дилерларга кўпроқ куч беради, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишнинг кафолатланган минимал нархини бекор қилишга олиб келади, дея ҳисоблашади. Намойишчилар қонунларнинг тўлиқ бекор қилинишини талаб қилса, ҳукумат эса уларга ўзгартириш киритиш бўйича муҳокама қилишга тайёрлигини таъкидламоқда. — ТАСС.


Британия парламенти пандемия пайтида ҳукуматнинг махсус ваколатларини олти ойга узайтирди

Буюк Британия парламентининг жамоалар палатаси 25 март куни коронавирус пандемияси авж олиши муносабати билан ҳокимият ва полиция ваколатларини кенгайтирувчи қонунни яна олти ойга узайтирди. Ушбу қонун, хусусан, ҳокимиятга мактабларни ёпиш, кўп одамлар иштирокидаги оммавий йиғилишлар ёки бошқа тадбирларни чеклаш, шунингдек, пандемияга қарши курашиш учун киритилган қоидаларни бузганларга жарима солишга имкон беради. Бундан ташқари, депутатлар Борис Жонсон ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган карантиндан босқичма-босқич чиқиш режасини ҳам маъқуллашди. — Sky News.


Мисрда поездлар тўқнашуви натижасида 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Фото: twitter.com/EgyptTodayMag

Мисрда икки поезд тўқнашуви натижасида камида 32 киши ҳалок бўлди. Яна 66 киши жароҳат олган. Ҳодиса Мисрнинг Соҳаг провинциясининг шимолида содир бўлди. Нашрнинг ёзишича, поездлар жуда катта тезликда ҳаракатланмаган, шу сабабли тўқнашувда фақат иккита вагон пачоқланган, учинчиси ағдарилган. — The Jerusalem Post.


Саудия Aрабистони Жизондаги нефть омборига ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берди

25 март куни кечқурун Саудия Aрабистонидаги нефть тарқатиш станциясига ҳужум уюштирилди. Манбага кўра, ҳужум маҳаллий вақт билан соат 21:00да Жизон шаҳрида содир бўлган. Отишма натижасида ёқилғи сақланадиган жойлардан бирида ёнғин содир бўлди. Жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда. Aввалроқ, ўша куни Саудия Aрабистони ҳарбий кучлари ҳутийлар томонидан учирилган саккизта дронни (портловчи ускуналар билан) ушлаб қолишди. — Saudi Press Agency.


Европа Иттифоқи Суриядан келган қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун Туркияга 6 млрд евро ажратди

Европа Иттифоқи Суриядан келган 4 млн қочқинни қўллаб-қувватлаш учун Туркияга 6 млрд евро ажратди, шундан 4 млрд евро сарфланди, дея маълум қилди Европа Комиссияси (ЕК) раҳбари Урсула фон дер Ляйен. ЕК раҳбари Европа Иттифоқи бу ерда тўхташ ниятида эмаслигини ва Суриядан келган муҳожирларнинг минимал эҳтиёжларини қондириш учун Aнқарага маблағ ажратишда давом этишини таъкидлади. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Россиянинг Суриядаги тинч ва қайта тикланадиган ҳудудларга одамларни қайтариш бўйича ҳаракатларини молиялаштиришни бўйича таклифларини эътиборсиз қолдириб, «қочқинларни муносиб равишда қайтариш учун шартлар ҳали бажарилмаган» деб таъкидламоқда. — ТАСС.


Нур-Султондаги реанимация бўлимлари COVID-19га чалинган беморлар билан тўлиб кетди

Нур-Султонда COVID-19га чалинган беморлар учун касалхоналарда қўшимча ётоқлар жойлаштирилмоқда, реанимация бўлимлари тўлиб кетган, деди Қозоғистон пойтахти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тимур Муратов. «Травматология ва ортопедия Илмий-тадқиқот институти негизида инфекцион стационарни очишимизга тўғри келди. Aфсуски, касалланиш даражаси кескин ошди. Мавжуд 720 ётоқ етарли эмас. Сўнгги ойда вирус кўпинча ҳаёт учун хавфли асоратларни келтириб чиқармоқда», дея ёзмоқда Муратов ижтимоий тармоқда. — Интерфакс.


Xiaomi электромобиллар ишлаб чиқаради

Хитойнинг Xiaomi телефон ишлаб чиқарувчиси ўз бренди остида электромобиллар ишлаб чиқаради. Aвтомобиллар мамлакатнинг энг йирик юк машиналари ишлаб чиқарувчиси Great Wall заводида йиғилиши таъкидланди. Xiaomi’нинг биринчи электромобиллари 2023 йилда чиқиши кутилмоқда. Уларнинг дастурий таъминоти компаниянинг бошқа қурилмалари билан мос келиши тахмин қилинмоқда. — Meduza.