Қарши, Ўзбекистон — AҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда, Қарши шаҳридаги «Баркамол авлод» жамоатчилик марказида «Aмерика бурчаги»ни расман очди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Aмерика элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Очилиш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжанов ва AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм қутлов нутқи билан чиқиш қилди.


Қаршидаги «Aмерика бурчаги» худди AҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида жойлашган «Aмерика маркази» ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қошидаги «Aмерикага дарча»дагига ўхшаш ресурслар билан таъминловчи, пойтахт шаҳардан ташқарида барпо этилган биринчи марказдир. Қаршидаги «Aмерика бурчаги» AҚШ ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган 600 дан ортиқ очиқ маданий марказга эга йирик тармоқнинг бир қисми бўлади. 140 дан ортиқ мамлакатда жойлашган бундай Aмерика марказлари AҚШ билан глобал алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

«Баркамол Aвлод» марказининг иккинчи қаватида жойлашган, компютер лабораторияси, кутубхонага эга синф хонаси, конференсия зали ва ўқув маслаҳат хонасини ўз ичига олган 230 квадрат метр майдонга эга ушбу Бурчак ташриф буюрувчилар учун чоршанба-жума кунлари соат 12:00 дан 19:00 гача, шанба-якшанба кунлари эса соат 10:00 дан 17:00 гача бепул хизмат кўрсатади.

Қаршидаги «Aмерика бурчаги» инглиз тили она тили ҳисобланган шахслар иштирокидаги дастурлар орқали инглиз тилини ўрганишни тарғиб қилади, шунингдек, босма ва рақамли инглиз тилидаги манбалардан фойдаланиш имкониятини беради. Бурчак, шунингдек, Aмерика Қўшма Штатларидаги бакалавриат ва магистратурада таълим олмоқчи бўлганларга маслаҳат хизматларини бепул кўрсатадиган «EducationUSA» учун марказ бўлиб хизмат қилади. Бурчак фаолияти суҳбат клублари, мунозара гуруҳлари, виртуал дастурлар, филмлар намойиши ва инглиз тилини ўрганиш тадбирларини ўз ичига олади.

Халқаро таълим бўйича Aмерика кенгашлари томонидан амалга ошириладиган «Aмерика бурчаклари» ташаббуси доирасида Ўзбекистон бўйлаб ана шундай еттита бурчак очилади. Қўшма Штатлар ҳукумати ушбу лойиҳага 800 минг доллардан кўпроқ маблағ ажратди.