Бош прокуратура президентнинг «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжатга кўра, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази негизида Зўрлик ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази ва унинг ҳудудий бўлимларини ташкил этилади. Марказ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида фаолият кўрсатади.

Қайд этилишича, марказ ўз фаолиятини анонимлик, ахборотнинг махфийлиги, касбий маҳорат ва хавфсизлик принциплари асосида амалга ошириши мақсад қилинган. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари Марказ ишига аралашмаган ҳолда ҳамкорлик қилади.

Марказнинг асосий вазифаларини қуйидагича белгилаш таклиф этиляпти:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки шунга мойиллиги бўлган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
  • оғир ижтимоий аҳволда қолган, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга кўмаклашиш;
  • давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг юқоридаги масалалар бўйича ишларини мувофиқлаштириш;
  • «Аёллар дафтари»га киритилган психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва дафтарлардан чиқариш чораларини кўриш;
  • низоли вазиятлар, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
  • долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ижтимоий тадқиқотларни ташкил этиш;

Қарорга кўра, марказга зўравонликдан жабрланган ҳамда ўз жонига суиқасд қилган ёки шунга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ва 14 ёшга тўлмаган, вояга етмаган шахслар жойлаштирилади.

Марказ директори лавозимига номзод Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири тақдимига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади. Шу билан бирга, директор меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизматлардан фойдаланиш шароитларига кўра, вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Марказнинг марказий аппарати ходимларининг чекланган сони 12 нафардан иборат бўлади. Унинг фаолияти давомида волонтерларни жалб этиш ҳам мумкин.

Лойиҳага мувофиқ, Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси ҳамда унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ва унинг ҳудудий комиссиялари этиб қайта ташкил қилинади.

Миллий комиссиянинг асосий вазифалари:

  • вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
  • вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш, амалга оширишни ташкиллаштириш ва ижросини назорат қилиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларнинг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш, кўрилаётган чораларни баҳолаш ҳамда уларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш;
  • маълумотларни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли органлар ва муассасалар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Миллий комиссиянинг раиси ҳисобланади. Миллий комиссия ҳудудий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 майдан эътиборан ИИВ:

  • зўрликка учраган хотин-қизларни профилактик ҳисобга олиш ёки «ҳимоя ордери»ни расмийлаштириш;
  • Марказга мурожаат қилган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларининг йўқолган ва йўқотилган ҳужжатларини тиклаб бериш;
  • вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кўради.

Таклифга кўра, Халқ таълими вазирлиги марказларга жойлаштирилган аёлларнинг вояга етмаган фарзандларини энг яқин ҳудуддаги таълим муассасаларига вақтинча жойлаштиради. Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган, шунингдек таълим муассасаларидаги машғулотларга узрли сабабларсиз келмаётган ёхуд мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганларнинг ҳисобини юритиш, бундай ҳолатларнинг вужудга келиши сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўради.

ССВ марказга келтирилган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандлари, вояга етмаганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, кўрикдан ўтказиш ҳамда жабрланганларни ўзининг тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида бепул даволашни амалга оширади. Туман тиббиёт бирлашмаларида ижтимоий психологик ёрдам хонаси ташкил этилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шу тоифадаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, касбга йўналтириш билан шуғулланади. Вояга етмаганлар, айниқса ОТМга ўқишга кира олмаган мактаб битирувчиларини касбга йўналтиради.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Суициднинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқади ва Ҳукуматга киритади.

Бундан ташқари, вояга етмаган шахслар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган, 24 соат узлуксиз ишлайдиган «ишонч телефони»ни (республика доирасида ягона қисқа рақам) йўлга қўйиш таклифи билдирилган.

Мазкур қарор лойиҳаси муҳокамаси 3 апрелга қадар давом этади.