Аввалроқ, Бош прокуратура томонидан президентнинг «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилингани ҳақида ёзган эдик.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси билан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этиляпти.

Жумладан, қасддан одам ўлдирганлик учун жавобгарликка тортиш ёшини 14 ёш этиб белгилаш бўйича ўзгартиш киритиш режа қилинган. Амалда эса жавобгарлик 13 ёшдан этиб белгиланган. Маълумот учун, Германия, Франция ва МДҲга аъзо мамлакатларнинг Жиноят кодексларида жавобгарлик ёши 14 ёш ҳисобланади.

Шу қаторда, Жиноят кодексини самосуд — «ўзбошимчалик билан жазолаш мақсадида шахсга зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказиш»га оид норма билан тўлдириш таклиф қилинаяпти.

Маълумот ўрнида: амалда айнан самосуд қилганлик учун жазо белгиланмаган. Фақатгина МЖтКнинг 200-моддаси ҳамда ЖКнинг 229-моддасида ўзбошимчалик учун жазо қайд этилган. Одатда самосуд содир этилганда, ЖКнинг 104-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 104-моддаcи (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ҳамда 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) қўлланилади. Самосуд шахснинг ўлимига олиб келса, унда ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин. Оғирлаштирувчи ҳолатлар эса 97-модданинг 2-қисми «л» банди, яъни безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Лойиҳага мувофиқ, вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, хусусан, ЖКнинг 128-моддаси (18 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) ва 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) санкцияларини ошириш кўзланган.

Шу билан бирга, 18 ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун вояга етмаган шахс жазони ўтаб бўлганидан сўнг судланмаган деб ҳисоблаш ҳам таклиф қилинаяпти.

Бундан ташқари, вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун 1 соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда 4 соатдан ошмаслиги белгилаб қўйилиши мумкин. Амалдаги нормага кўра, ушбу муддат 6 соатни ташкил этади.

Лойиҳага мувофиқ, вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда вояга етмаган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра психолог иштирок этиши мумкин.

Шу каби нормаларни Жиноят кодексига киритиш мақсадида Бош прокуратура, ИИВ, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ биргаликда уч ой муддатда ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқади.

Ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси 3 апрелга қадар давом этади.