Бугун AОКAда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик» мавзусидаги матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 5 март куни Мирзо Улуғбек туманида жойлашган таълим муассасаси тарбиячиси М.М.нинг қайнотаси Зангиотадаги шифохонага коронавирус инфекцияси ташхиси билан етказилган ва 7 март куни вафот этганлиги тўғрисидаги хабарга изоҳ берди.

Нурмат Отабековнинг қайт этишича, СВВ ушбу ўлим ҳолати чиндан ҳам коронавирус билан боғлиқ ёки йўқ эканлиги натижасини кутмоқда.

«Жалиловнинг вафоти ҳақидаги маълумот статистик рақамларда ўз аксини топмаганлиги тўғрисида аниқлик киритадиган бўлсак, бемордан дастлабки олинган намуна мусбат натижа берган ва бемор Зангиотадаги шифохонага ётқизилган. Зангиотадаги шифохонада референс лаборатория мавжуд бўлиб, у ерда олинган намуна манфий натижа берган. СВВ патологик анатомия текширишлар натижаларини кутяпти. Қачонки, мутахассислар қайд этилган ўлим коронавирус билан боғлиқлигини тасдиқласа, шундагина бу статистика рақамига қўшилади. Ўлимлар сонининг 622 та ёки 623 та бўлиши, бу — жиддий об-ҳаво яратмайди», — дейди Нурмат Отабеков.

Маълумот учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича мамлакатда 10 февралдан бери коронавирус асоратлари оқибатида бирорта ўлим қайд этилмаган. 5 март куни Мирзо Улуғбек туманида жойлашган таълим муассасаси тарбиячиси М.М.нинг қайнотаси Зангиотадаги шифохонага коронавирус инфекцияси ташхиси билан етказилган ва 7 март куни вафот этган эди.