Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларидаги мактаблар онлайн ўқиш режимига ўтказилади. Бу борада Тошкент шаҳрига коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар штабининг қарори қабул қилинди.

Унга кўра, пойтахтдаги умумтаълим мактабларида ўқувчилар ва ўқитувчилар орасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати ортиб бораётганлигини инобатга олиб, жорий йилнинг 16 март кунидан бошлаб, Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларидаги барча умумтаълим мактаблари бир марталик карантин муддатига (14 кун) онлайн ўқитишга ўтказилади.

Мазкур тартиб асосида ўқитишни ташкил этиш ушбу туманлар ҳудудида фаолият олиб бораётган нодавлат ва хусусий таълим ташкилотларига ҳам тавсия этилади.

Пойтахтнинг бошқа туманларида ўқиш баҳорги таътилга қадар карантин талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда анъанавий давом эттирилади.

Аввалроқ, Санитария ва эпидемиология Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбари пойтахтда коронавирус билан касалланиш сони, айниқса мактаб ўқувчилари, талабалар, ташкилот ва муассасалар ходимлари орасида кўпайганлигини маълум қилган эди. Туман бўлимларига пандемия бошланганидан буён 106 ўқувчида аниқланган мактабларда карантин талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича кўрсатма берилган.