Бухоро давлат университетида 8 март куни талабалар томонидан тақдим этилган совғадан норозилигини билдирган ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Интернетда ўқитувчи ва талабалардан бири ўртасидаги ёзишмаларнинг скриншоти пайдо бўлди. Матнга кўра, ўқитувчига гуллар ва 200 минг сўм совға қилинган. У «ўз обрўсини арзимаган нарса билан булғамаслигини» ёзиб, талабалар уни ҳақиқатан ҳам «арзон», «содда» ва «кишлоқи» ҳисоблайдиларми, дея сўраган. Охирида «Энди ҳамма нарса бошқача бўлади» деб огоҳлантирган.

Скриншотни жойлаштирган Troll.uz канали муаллифи Умид Гафуров: «Бу мактабгача ва бошланғич таълим факультети. Яъни, бу одамлар келажакдаги ўқитувчиларни тайёрлашмоқда», деб ёзади.

«Менимча бундай одамлар бўлажак ўқитувчиларни тайёрламаслиги керак. Ёзган хабарлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади», — дея қўшимча қилди у.

Олий таълим вазирлигининг хабарида ўқитувчининг «хатти-ҳаракатлари устоз шаъни ва мақомига хос бўлмаганлиги» қайд этилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти тизимда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ҳамда манфаатлар тўқнашувига нисбатан муросасиз муносабатда бўлади ва шу кунларда олий таълим тизимида коррупцияга қарши «комплаенс назорат» тизими жорий этилаётганини маълум қилади, дейилади баёнотда.

Вазирлик жамоатчилик назоратини амалга оширган ижтимоий тармоқлар вакиллари ва талабаларга миннатдорчилик билдириб, ушбу ҳолат барча олий таълим муассасаларида муҳокама қилинишини маълум қилди.

Бухоро давлат университети ҳам воқеа ҳақида хабарни эълон қилди.