Номаълум шахслар Қирғизистон президентининг Facebook-саҳифасига бузиб киришди

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Facebook’даги аккаунтига номаълум шахслар бузиб киришди, деб хабар берди давлат раҳбарининг матбуот котиби Галина Байтерек. «Ҳужумчилар саҳифада турли постлар остида изоҳлар қолдиришди», дея қўшимча қилди у ва Жапаровнинг аккаунтида жойлаштирилган сўнгги изоҳларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади. «Aкипресс»нинг ёзишича, фойдаланувчилар парламентдаги овоз бериш ҳақидаги янгиликларга изоҳларда «Садир Жапаров» фойдаланувчиси ҳақоратли изоҳ қолдирганини кўриб қолишди, айтилишича, улар депутат Дастан Бекешевга йўлланган бўлган. Facebook ижтимоий тармоғида «Садир Жапаров» номи билан камида учта саҳифа мавжуд, лекин уларнинг қайси бири ҳақида гап кетаётганини матбуот котиби баёнотида келтирмаган. — Интерфакс.

Германияда карантин чоралари 28 мартга қадар узайтирилди

Германиядаги карантин режими 28 мартга қадар узайтирилди, бироқ шу билан бирга, расмийлар федерал давлатларга чораларни юмшатиш тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилиш ҳуқуқини беришди — бундай қадамлар коронавирус тарқалишининг аниқ статистик мезонларига боғлиқ. «Биз локдаунни олиб ташлаш учун чоралар кўришимиз керак, аммо улар бизни орқага ташламаслигига ишонч ҳосил қилишимиз зарур», деди мамлакат канцлери Ангела Меркель. «2021 йилдаги баҳор 2020 йилдагидан фарқ қилади», деб қўшимча қилди канцлер. Меркелнинг айтишича, энди инсоният коронавирус тўғрисида биринчи тўлқин давридагига қараганда кўпроқ нарсани билади, бу эса мослашувчан ёндашишга имкон беради. Биринчи қадам сифатида 8 мартдан бошлаб китоб дўконлари, гул дўконлари, боғдорчилик бозорлари, гўзаллик салонлари ва ҳайдовчилик мактабларини очиш режалаштирилган. Ижтимоий алоқаларга ўрнатилган чеклашлар ҳам юмшатилди — 14 ёшгача бўлган болаларни ҳисобга олмаганда, икки хонадондан беш кишигача бўлган гуруҳлар квартираларда ва уйларда учрашишлари мумкин бўлади. Чораларни юмшатишнинг иккинчи босқичи, икки ҳафтадан сўнг, фақат эпидемиологик вазиятнинг ривожланиши билан амалга оширилиши мумкин. — Deutsche Welle.

Эрон AҚШнинг қайта тикланган санкцияларидан кўрган зарарини 200 млрд долларга баҳоламоқда

Уч йил олдин қайта тикланган AҚШ санкцияларидан Эронга тўғридан-тўғри етказилган зарар 200 млрд доллардан ошди, деди пайшанба куни Ислом Республикаси президенти Ҳасан Руҳоний. Шу билан бирга, у Теҳрон AҚШнинг мамлакат ядро дастури бўйича Қўшма ҳаракат режаси (ҚҲР)га қайтиши шарти сифатида етказилган зарар учун товон пули талаб қилишни ният қилмаслигини таъкидлади. «Баъзи дўстларимиз улар билан гаплашишдан олдин AҚШдан товон пули талаб қилдилар. Сўнгги уч йил ичида AҚШдан тўғридан-тўғри етказилган зарар 200 млрд доллардан ошди. Aммо биз дўстларимизга буни кейинги босқичда қолдиришимиз кераклигини айтдик. AҚШ санкцияларни бекор қилиш орқали ҚҲРга қайтиши мумкин», — деди президент. 2018 йил май ойида АҚШ келишувдан чиқиб, Эронга қарши санкцияларни қайта тиклади. AҚШнинг янги президенти Жо Байден эса ҚҲРга маълум шартлар асосида қайтишга тайёрлигини билдирди. — Интерфакс.

Жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари тўққиз ой давомида кўтарилиб бормоқда

БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бўлган FAO маълумотларига кўра, февраль ойидаги нархлар мониторингидан сўнг, дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кетма-кет тўққиз ой давомида ўсиб бормоқда. Шакар ва ўсимлик мойи нархлари энг кўп ўсмоқда. FAO’нинг озиқ-овқат нархлари индекси февраль ойида 116 пунктни ташкил этди, бу ўтган ойга нисбатан 2,4 фоизга ва ўтган йилнинг февралига нисбатан 26,5 фоизга юқори. Шакар нархлари индекси январь ойига нисбатан 6,4 фоизга ўсди. Ўсимлик ёғи нархлари индекси 6,2 фоизга ўсди ва 2012 йил апрелидан бери энг юқори даражага етди. Сут маҳсулотлари нархлари индекси 1,7 фоизга, ёрма маҳсулотлари индекслари 1,2 фоизга ўсди. Гўшт нархлари индекси 0,6 фоизга кўтарилиб, бу асосий ишлаб чиқарувчи ҳудудларда мол гўшти ва қўй гўшти таъминотининг пасайиши билан боғлиқ, дейилади хабарда. — FAO.

Хутийлар Saudi Aramco объектига ҳужум қилгани ҳақида хабар беришди

Яман Ҳутийлар вакили Яҳё Сариянинг айтишича, гуруҳ Жидда шаҳридаги Saudi Aramco давлат нефть ва газ компанияси объектига ракета ҳужуми уюштирган. Унинг сўзларига кўра, зарба 4 март куни тонгда дрон орқали етказилган. Саудия томони бу маълумотни ҳали тасдиқламади ёки рад этмади. EFE маълумотига кўра, ҳутийлар Саудия Aрабистони «ўз мамлакатларига қарши» тажовузни тўхтатмаса, улар ҳужум уюштириши ҳақида огоҳлантирган. — Jerusalem Post.

AҚШ 2021 йилда сунъий интеллектни ҳарбий соҳада тадқиқ қилиш учун 5 мрлд доллар сарфлайди

Пентагон 2021 молиявий йилида сунъий интеллектга тахминан 5 млрд доллар сарфлайди, дейилади Стенфорд университети томонидан чоп этилган тадқиқотда. Ҳисоботда таъкидланишича, Пентагон бюджетининг тегишли моддалари таснифланган, аммо уларни молиялаштириш миқдори Конгрессдан маблағ сўраган ҳолда баҳоланиши мумкин. «Сунъий интеллектни тадқиқ қилиш соҳасидаги 305 та махфий бўлмаган дастурни ҳисобга олган ҳолда, AҚШнинг ушбу соҳадаги умумий бюджети 2021 молиявий йилида (2020 йил октябридан 2021 йил сентябригача) тахминан 5 млрд долларни ташкил этади», — дейилади тадқиқотда. 2021 молиявий йилда мамлакат сунъий интеллектни фуқаролик тадқиқотлар учун федерал идоралар тахминан 1,5 млрд доллар ажратиши кутилмоқда, бу ўтган йилга нисбатан ярим млрдга кўпроқ. — Тадқиқот.