Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди ва икки нафар Қозоғистон элчихонаси ходимлари ZF-UZ-VAC 2001 вакцинанинг 1-дозаси билан эмландилар. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

1 март куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Дархан Сатибалдини қабул қилди ва томонлар Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар масаласини муҳокама қилдилар.

Фото: Инновацияни ривожлантириш вазирлиги

Дархан Сатибалди Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 янги рекомбинант вакцинаси ҳақида Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ҳам материаллар берилаётгани ҳақида айтиб ўтди.

Ўзбекистон-Хитой вакцинасини Қозоғистонга ҳам етказиш масаласи бўйича таклиф тайёрланиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 1 март куни ZF-UZ-VAC 2001 номли коронавируснинг янги типига қарши рекомбинант (CHO cell) хитой-ўзбек вакцинаси тиббиёт амалиётида қўллаш учун тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган эди.