Барча вилоят ҳокимлари муҳтож қизлар ва аёллар учун олий таълим муассасаларида таҳсил олиш ҳаражатларини қоплаб беради. Бу ҳақда 26 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбарининг айтишича, олий маълумотли бўлиш истагида бўлган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади.

Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг контракт тўловини ҳокимият ва ОТМлар қоплаб беради.

«Бунда, ҳар бир вилоят ҳокими маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафар, ҳар бир олийгоҳ эса, 30−50 нафардан хотин-қизларнинг контракт́ини тўлаб беришга масъул бўлади. Танзила Нарбаева ушбу ишларни ташкиллаштиришга шахсан бош-қош бўлади», — деди президент.

«Мен ҳисоблаб чиқтим. Биз буни муаммосиз қила оламиз», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, давлат раҳбари ўтган йили 15 мингга яқин хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганини айтган эди. «Энг ачинарлиси, аёлларни хўрлаш, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ҳамда омма олдида „сазойи“ қилиш ҳолатлари оддий ҳолатга айланиб бормоқда», — деди у.