26 февраль куни ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Давлат раҳбари ўтган икки йилда 116 мингга яқин аёллар ўз тадбиркорлик фаолиятини тўхтатганини маълум қилди.

«Оила ташвишларидан ортиб, эркаклар билан тенгма-тенг ишлаётган, ўзининг ташаббусларини, орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун, туну-кун меҳнат қилаётган ва барчага ўрнак бўлаётган хотин-қизларимиз жойларда жуда кўплаб топилади. Лекин, барча аёлларга ҳам жамиятда ўрнини топиши учун муносиб шароит, имконият яратиб бера олаяпмиз-ми? Уларнинг барча муаммолари ҳал бўлаяпти-ми? Афсуски, йўқ», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ажримлар масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Оиладаги келишмовчиликлар оқибатида ўтган йили 28 мингдан ортиқ оилалар бузилгани айтилди.

Қашқадарёда — 2 минг, Хоразмда — 1,1 минг, биргина Ромитон туманида — 110 та ажрим қайд этилган.

«Эр-хотин ўртасидаги доимий жанжал, хиёнат, куч ишлатиш ва миграция ажримларнинг 70 фоизига сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси, аёлларни хўрлаш, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ҳамда омма олдида „сазойи“ қилиш ҳолатлари оддий ҳолатга айланиб бормоқда», — деди у. Президентнинг айтишича, ўтган йили 15 мингга яқин хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган.

Шунингдек, ўтган йилларда 480 мингга яқин хотин-қизлар узоқ муддатга хорижга ишлаш учун кетган бўлиб, ҳозирда, уларнинг фарзандларига оид маълумотлар ҳеч қайси идорада мавжуд эмас.

Бу борада васийлик ва ҳомийлик органларининг маҳалла, мактаб ва боғчалар билан ҳамкорлиги мутлақо талабга жавоб бермаслиги таъкидланди.

«Шу боис, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ишлаш мақсадида, мутлақо янги тизим яратилди, „аёллар дафтари“ жорий этилди. Жойларда бевосита 6,4 миллион аёллар билан мулоқот қилиш орқали, 9 та мезон асосида, ушбу дафтарга 433 минг нафари киритилиб, электрон база шакллантирилди», — деди давлат раҳбари.

Шундан, 253 минг нафари — ишсизлар, 44 минг — тиббий, 48,5 минг — ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтожлар, 37 минг — боқувчисини йўқотган, 33,5 минг — ногиронлиги бўлганлар (шундан 4,5 минг — уй-жойини таъмирлашга муҳтож) , 9 минг — нотурар жойда яшовчилар, 8 минг — ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялаётган ёлғиз аёлларни ташкил этади.

Ҳозирги кунгача, республика комиссияси томонидан «аёллар дафтари»га киритилган 80 минг нафар хотин-қизларнинг (19 фоиз) муаммолари 3 ойда ҳал этилгани ди.

«Энди, ишни „маҳаллабай“ ташкил этишда маҳалла раиси, унинг хотин-қизлар бўйича ўринбосари бошчилигидаги Аёллар маслаҳат кенгашлари хотин-қизлар муаммоларини „хонадонбай“ аниқлаб, сектор раҳбарлари олдига аниқ ва лўнда масалаларни қўйиши шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эндиликда кутилаётганидек:

  • Туман ва шаҳар ҳокимининг маҳалла ва иқтисодиёт бўйича ўринбосарлари — аёллар бандлигини таъминлаш, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган аёлларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга;
  • ҳокимнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари — тиббий ҳимояга ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар, қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларни қўллаб-қувватлашга;
  • туман «Халқ банки» раҳбарлари — хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилишга;
  • туман прокурори, ички ишлар ва адлия бўлимлари бошлиқлари — ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож, зўравонликка учраган хотин-қизларга кўмаклашишга масъул бўлади. Ушбу вазифа ижросини Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова мувофиқлаштириб, ҳудудлар кесимида ҳафталик муҳокамасини ўтказади.
  • туман хотин-қизлар ва маҳалладаги Аёллар маслаҳат кенгашлари — оилавий ажралишларни олдини олишга, нотинч оилалардаги келишмовчиликларни бартараф этишга масъул бўлади.

Ушбу раҳбарлар, ҳафтанинг 2 кунида фақат аёллар масалалари билан шуғулланади. Ушбу бириктирилган раҳбарларга ўз йўналиши бўйича ҳафталик ишларини, туман ва шаҳар ҳокимлари ойлик режа тасдиқлаб беради ва назоратини юритади. Ҳокимнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси, туман касаба уюшмаси хотин-қизларга оид барча топшириқларни мувофиқлаштириб боради.

Вилоят ва республика даражасидаги раҳбарлар худди шу тизим асосида белгиланган йўналишларга масъул бўлади.

10 мартдан бошлаб Танзила Нарбаева ва Қудратилла Рафиков 3−5 кундан ҳар бир вилоятга бориб, аҳвол билан танишади ва бугунги вазифалар ижросини бевосита ташкил қилади.