AҚШ Парижнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги келишувига қайтди

АҚШ тўрт ойлик танаффусдан сўнг 19 февраль куни Иқлим тўғрисидаги Париж келишиву иштирокчисига айланади. Мамлакат президенти Жо Байден сайловолди ташвиқоти пайтида, агар у сайловда ғалаба қозонса, АҚШни келишувга қайтариш биринчи қадамлардан бири бўлишини бир неча бор таъкидлаган эди. Байден, шунингдек, муқобил энергия манбаларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва федерал идоралар паркини электр транспорт воситаларига ўтказишни режалаштираётганини қўшимча қилди. 20 январда бўлиб ўтган инаугурациядан сўнг Байден мамлакатнинг ушбу битимга қўшилиши тўғрисида фармонни имзолади. Париж келишувига қайтиш жараёни атиги 30 кун давом этган бўлса, ундан чиқиш бир неча йил давом этган. — ТАСС.

НAТО Ироқдаги контингенти саккиз баравар кўпайишини эълон қилди

НAТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари 18 февраль куни бўлиб ўтган видеоконференцияда альянснинг Ироқ армиясини ушбу мамлакатда ўқитиш бўйича миссиясини саккиз бараварга — 500 кишидан 4 минг кишига оширишга қарор қилишди. Бу ҳақда НAТО бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселдаги матбуот анжуманида маълум қилди. «Биз Ироқдаги миссиямиз миқдорини 500 кишидан 4000 кишигача оширишга қарор қилдик, — деди у. — Кенгайтириш бир неча ой давомида босқичма-босқич амалга оширилади». У миссия ўқув миссияси мақомини сақлаб қолишини, унинг таркибидаги қўшинлар жанговар операцияларда қатнашмаслигини таъкидлади. Столтенберг Даниянинг НAТОнинг Ироқдаги кенгайтирилган миссиясига қўмондонлик қилишини таъкидлади. «Биз буни Ироқ ҳукуматининг таклифига биноан амалга оширмоқдамиз. Ироқда аллақачон глобал коалиция кучлари (AҚШ бошчилигидаги коалиция қолдиқларини назарда тутади) ва Ироқ қўшинларидан фойдаланадиган бир қатор базалар мавжуд, бу ерда биз мурабийларни жойлаштира оламиз», — дея тушунтирди бош котиб. НAТО — «Исломий давлат» террористик ташкилоти энди Ироққа қайтолмасликнинг энг яхши кафолатидир. — НАТО веб-саҳифаси.

AҚШ COVAX дастурига молиявий қўллаб-қувватлашни икки баравар оширади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ташаббуси билан дунё бўйлаб коронавирус вакцинасига тенг кириш ҳуқуқини берувчи COVAX дастури учун AҚШ молиявий қўллаб-қувватлашни 2 млрддан 4 млрд долларгача оширади, дейилади Оқ уй баёнотида. «COVID бизга ҳеч қандай миллат пандемия олдида ёлғиз ҳаракат қила олмаслигини кўрсатди. Бугунги кунда президент Байден америкаликларни ва дунёдаги энг заиф одамларни COVID-19'дан ҳимоя қилиш учун ҳаракатларни амалга оширмоқда», дейилади хабарда. AҚШ 2021−2022 йилларда қўшимча 2 млрд доллар билан «COVAX'га кейинги глобал ҳиссаларни жалб қилишда етакчи ролни» ўз зиммасига олмоқчи. — Оқ уй веб-саҳифаси.

Туркия март ойидан бошлаб карантин чекловларини енгиллаштиради

Туркия ҳукумати март ойидан бошлаб коронавирус туфайли қўйилган чекловларни босқичма-босқич олиб ташлашни бошлайди, мамлакатнинг 81 ҳудуди эпидемия хавфи даражасига кўра таснифланади. Daily Sabah’нинг ёзишича, вилоятларнинг ҳар бири хавф даражасига қараб, «жуда юқори»дан «паст» даражагача белгиланади. Ушбу баҳолаш асосида расмийлар чекловларни олиб ташлайди ёки аксинча, кучайтиради. Биринчи навбатда, расмийлар жума оқшомидан душанба тонгигача 56 соатлик комендантлик соатини бекор қилмоқчи. Бундан ташқари, иш кунларида соат 21:00дан 05:00 гача жорий этилган ҳаракатланиш чеклови бекор қилинади. Ҳукумат аҳолининг норозилиги ва бизнеснинг оғир аҳволи тобора ортиб бораётганлиги муносабати билан бундай чораларни кўришга тайёр. Ҳозирги пайтда ўтган йил охирида ёпилган ресторан, кафе ва шунга ўхшаш муассасаларнинг тақдири номаълум, аммо нашрга кўра, мамлакат президенти уларнинг очилиши бўйича «йўл харитаси»ни яқин ҳафталарда эълон қилади. —  Daily Sabah.

«Табиат билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш вақти келди» — БМТ бош котиби

Инсониятнинг табиат билан уруши атроф-муҳитнинг ифлосланишига, биологик хилма-хилликнинг йўқолишига, иқлим ўзгаришига ва аҳолининг мавжуд бўлишига хавф туғдирди, деди БМТ раҳбари Aнтониу Гуттериш БМТ атроф-муҳит дастурининг янги ҳисоботини тақдим этишда. У сайёрани ҳимоя қилиш ва табиатни асраш орқалигина инсоният омон қолиши ва гуллаб-яшнаши мумкинлигини таъкидлади. «Табиатни ўзаро муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш вақти келди», дея қўшимча қилди у. Ҳавонинг ифлосланиши ҳар йили 6,5 млн кишининг бевақт ўлимига сабаб бўлади. Қўшимча 1,8 млн киши, асосан болалар, сувнинг ифлосланишидан вафот этмоқда. Aввало, ҳукуматлар чоралар кўришлари керак — масалан, зарарли газлар чиқиндиларига солиқ солиш, қазиб олинадиган ёқилғи ва табиатни йўқ қиладиган қишлоқ хўжалиги амалиётларини субсидиялашни тўхтатиш ва яшил иқтисодиётни қуришга сармоя киритишни бошлаш керак, дея таклиф берилди. — Газета.uz