2021 йилги давлат дастурида 31 та янги мактаб қуриш ҳамда 320 та мактабни таъмирлаш белгиланган. Янги мактабларни қуриш, мавжудларини таъмирлашга жами 2 трлн 50 млрд сўм ажратиш режа қилинган, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Бундан ташқари, Андижон, Нурафшон, Гулистон, Навоий ва Термиз шаҳарларида Президент мактаблари қурилишига 200 млрд сўм йўналтирилади.

16 та ОТМ бинолари янгидан қурилади ва 19 таси таъмирланади. Ушбу мақсадларга 700 млрд сўм ажратилмоқда. Яна 900 млрд сўм 22 та мактабгача таълим ташкилоти биносини янгидан қуриш ва 203 тасини таъмирлашга сарфланади.

24 та соғлиқни сақлаш объектлари янгидан қурилади. Мавжуд 99 таси эса таъмирланади. Бу жами 1,4 трлн сўм эвазига амалга оширилади. Спорт объектларидан 23 таси янги қурилади, 34 таси эса таъмирланади. Бунга сарфланадиган маблағ 400 млрд сўм этиб белгиланган.

Мазкур ишлар ижроси йил давомида тегишли вазирликлар томонидан таъминланиши қайд этилган.