Жиззах вилоятида олтин рудаларини қазимоқчи бўлиб, чуқурликка тушган фуқароларни тош босиб қолди. Бу хақда Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 26 январь куни «Булоқбоши» қишлоқ фуқаролар йиғини Авлиё қишлоғида яшаган тўрт нафар фуқаро аҳоли яшаш жойидан тахминан 7−8 км узоқликда жойлашган тоғ бағрига 12−15 метр қазиб кириб руда олишмоқчи бўлишган.

Тош босиб қолиши оқибатида икки нафар фуқаро чуқурдан чиқа олмасдан вафот этган. Қолган 2 нафари эса турли хил даражадаги синиш ва бошқа тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур фожиа муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг масъуллари томонидан муҳокама ташкил этилди.

Фото: jviib.uz.

Муҳокамада 2017 йилдан то шу кунга қадар ушбу тоққа чиқиб, ноқонуний равишда таркибида қимматбаҳо олтин зарралари бор бўлиши мумкин бўлган руда тошларни талон-тарож қилганлик ҳолати бўйича бир неча фуқаролар жавобгарликка тортилгани маълум қилинди.

Аввалроқ 2020 йил биринчи ярмида Ўзбекистонда 200 га яқин одам ноқонуний равишда олтин қазиб олганлиги учун ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди, 2018−2019 йилларда 220 та шундай фактлар аниқланган.