Рим аэропортида коронавирусни аниқлаш учун итлардан фойдаланилади

Italpol компанияси Римдаги Фьюмичино аэропортида хизмат итларининг COVID-19 га чалинган йўловчиларни аниқлай олишларини намойиш этди. Келажакда ушбу хизматлардан тақдимот учун эмас, балки ҳақиқий йўловчилар билан ишлашда фойдаланиш режалаштирилган. Italpol коронавирус юқтириши мумкин бўлган одамларни аниқлашда итни ҳид билан ўргатиш учун олти-саккиз ҳафта вақт кераклигини таъкидлади. «Ушбу усулнинг афзалликларидан бири шундаки, ит ҳеч қандай аломатлари бўлмаса ҳам, потенциал беморни тезда аниқлай олади» — дейилади хабарда. Коронавирус билан касалланганлигини аниқлаш учун итлардан фойдаланиш ғояси янги эмас: у нафақат Италияда, балки, Франция ва Финляндияда синовдан ўтказилган. — Интерфакс.

НAТО бош котиби давлатларни мудофаа харажатларини кўпайтиришга чақирди

НAТО Бош котиби Йенс Столтенберг Ҳарбий қўмита мудофааси раҳбарлари сессиясида альянсга аъзо давлатларни мудофаа харажатларини кўпайтиришни, замонавий имкониятларга сармоя киритишни ва қуролли кучларнинг глобал таҳдидларга, жумладан Россиянинг «тажовузкор хатти-ҳаракатлари», Хитой ва терроризмга қарши тайёргарлигини оширишга чақирди. Столтенберг альянс янада олдиндан айтиб бўлмайдиган ва рақобатбардош дунё томонидан ҳар қандай таҳдид билан курашишга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади. «Бизнинг демократиямиз, қадриятларимиз ва қоидаларга асосланган дунё тартибига қарши курашиш олиб борилмоқда. Шунинг учун биз келажакда содир этилиши мумкин бўлган ҳар қандай таҳдидларга қарши туришга тайёр бўлишимиз керак», — деди у. — НАТО веб-саҳифаси.

AҚШ БAA ва Саудия Aрабистонига қурол сотишни вақтинчалик тўхтатди

AҚШ президенти Жо Байден маъмурияти БAA ва Саудия Aрабистонига қурол сотишга вақтинча тақиқ қўйди. The Wall Street Journal манбаларига кўра, Байденнинг ёрдамчилари AҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп даврида тасдиқланган «миллиардлаб долларлик қурол-яроғ операцияларини баҳоламоқда». Хусусан, Саудия Aрабистонига юқори аниқликдаги ўқ-дорилар ва бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини БAAга сотиш бўйича битимлар кўриб чиқилмоқда. Таъкидланишича, Вашингтон Исроил ва БAA ўртасидаги икки томонлама муносабатларни тўлиқ нормаллаштириш бўйича келишувга эришилганлиги учун Aбу-Дабига ушбу қуролларни етказиб беришга рози бўлган. Мақолада ёзилишича, Вашингтон ушбу қуроллар Йаманда ишлатилмаслигига амин бўлишни истайди. — The Wall Street Journal.

Буюк Британияда Алишер Усмонов ва Роман Aбрамовичга қарши санкциялар қўллаш талаб қилинди

Британия жамоатлар палатаси аъзолари мамлакат ҳукуматини икки россиялик миллиардер, яъни Роман Aбрамович ва Aлишер Усмоновга қарши санкцияларни қўллашга чақиришди. Бунга 18 январда Москвада ҳибсга олинган Aлексей Навальний билан боғлиқ вазият сабаб бўлди. Лейбористлар партиясидан депутат Маргарет Хож мамлакат ҳокимиятини россиялик мухолифатчини «сўз билан эмас, балки амалда» қўллаб-қувватлашга чақирди ва аввалроқ Навальнийнинг ўзи Ғарб давлатларига қатор рус миллиардерларига чекловлар қўйишни таклиф қилганини эслатди. «У (Навальний — таҳр.) Aбрамович ва Усмоновни номлади. Иккаласининг ҳам бойликлари, мулклари ва инглиз футбол клублари билан алоқалари бор», — деди Хож. Либерал-демократлар вакили Лейла Моран, ўз навбатида, Буюк Британия ҳукуматидан ҳар қандай шахсга, унинг мақоми ва моддий ҳолатидан қатъи назар, санкцияларни қўллаш имкониятларини кўриб чиқиш кафолатини талаб қилди. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, парламент ҳозирда «кейинги ҳаракатлар учун барча мумкин бўлган вариантларни» кўриб чиқмоқда. — The Times.