AҚШнинг Aфғонистондаги элчихонаси америкаликларни мамлакатни тарк этишга чақирмоқда

AҚШнинг Қобулдаги элчихонаси терактлар сонининг кўпайиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантириб, Aфғонистондаги АҚШ фуқароларини зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирди. «Элчихона АҚШ фуқароларига Aфғонистонга ташриф буюриш хавфи юқори даражадалигини эслатади ва мамлакатда бўлганларни кетишни ўйлашга таклиф қилади», — дейилади баёнотда. Маълумотларга кўра, сўнгги ҳафталарда бутун Aфғонистон бўйлаб террористик ҳужумлар, одам ўғирлаш ва бошқа жиддий жиноий ҳаракатлар тез-тез учраб турибди. «Чет эликлар, шу жумладан, америкаликлар тез-тез ташриф буюрадиган меҳмонхоналар, турар-жой мажмуалари, халқаро ташкилотлар, элчихоналар ва бошқа жойлар таҳдид остида қолмоқда», — деб мурожаат қилади элчихона ватандошларига. — Khaama Press.

Япония коронавирусга қарши эмлаш учун масъул вазирни тайинлади

Япония Ташқи ишлар вазирлиги ва мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари ва ҳозирда маъмурий ислоҳот учун масъул вазир Таро Коно бир вақтнинг ўзида мамлакат аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш жараёни учун масъул вазирга айланди. «Мен вазир [Таро] Конони вакцинацияни бошқариш учун масъул этиб тайинланишини буюрдим», деди мамлакат бош вазири Суга. Суганинг таъкидлашича, вакцинация февралнинг охирида бошланади. «Биз ҳозирда керакли тайёргарлик ишларини олиб бормоқдамиз», — деди Япония ҳукумати раҳбари. У мамлакат мудофаа кучлари аҳолини эмлаш жараёнига жалб қилинишини ҳам таъкидлади. Биринчи босқичда вакцинация 50 млн (аҳолининг 40 фоизи) кишини қамраб олиши керак бўлади. — ТАСС.

Қувайт амири ҳукумат истеъфосини қабул қилди

Қувайт амири Наваф ал-Aҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ бошчилигидаги мамлакат ҳукуматининг истеъфосини қабул қилди. Таъкидланишича, амир Вазирлар Маҳкамасига янги ҳукумат тузилгандан кейин иш бошлангунга қадар ўз ваколатларини давом эттиришни буюрди. Қувайт бош вазири Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ 13 январь куни мамлакат амирига истеъфога чиқиш тўғрисида ариза топширди. Aввалроқ, 12 январь куни Қувайт ҳукумати вазирлари бош вазирга истеъфога чиқиш тўғрисида ариза топширган. Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 14 декабрда парламент сайловларидан сўнг тузилган. Сўнгги йилларда Қувайт ҳукумати кескин инқироз шароитида бир неча бор истеъфога чиқарилди. Илгари бўлгани каби, айнан танланган парламент ва амир томонидан тайинланган ҳукумат ўртасидаги зиддият, яъни ёш ва қари элита деб аталмиш ҳукумат истеъфосининг асосий сабаби деб таъкидланди. — Al Arabiya.

Япония Вазирлар Маҳкамаси парламентга рекорд даражадаги сарфланадиган давлат бюджети лойиҳасини тақдим этди

Япония ҳукумати мамлакат парламентига 2021 молия йили учун (1 апрелдан бошлаб) давлат бюджети лойиҳасини 106,6 трлн иенадан ортиқ (1 трлн доллардан зиёд) харажатлар билан тақдим этди. Маълумотларга кўра, у амалдаги бюджетнинг тегишли кўрсаткичидан деярли 4 трлн иена (38 млрд доллардан ортиқ)га ошади. 2021 молиявий йилида давлат харажатлари Япония тарихидаги энг катта бўлиши кутилмоқда. Бу, аввало, аҳолининг қариши туфайли ижтимоий эҳтиёжлар ва соғлиқни сақлашга ажратмаларнинг кўпайиши билан боғлиқ. Ушбу мақсадлар учун ҳукумат деярли 36 трлн иенани (348 млрд доллардан кўпроқ) сарфламоқчи. Бундан ташқари, ҳарбий харажатларнинг рекорд даражага, яъни 5,3 трлн иенага (тахминан 51,5 млрд доллар) ошиши кутилмоқда. Янги давлат бюджети лойиҳаси камомадга эга бўлиб, маблағ етишмовчилиги қарийб 43,6 трлн иена (деярли 422 млрд доллар) миқдорида ташкил этади. Ушбу камомад давлат облигациялари орқали тўлдирилади. — NHK.

Россия ташқи ишлар вазири Ғарбда Telegram блокланиши мумкинлигини таъкидлади

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб Telegram мессенжерини блокировка қилиш имкониятини муҳокама қилаётганини айтди. «Мен аллақачон Telegram’ни ўз хизматларини кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилинганлигини эшитганман. Бу қизиқ бўлади», — деди Лавров. Aввалроқ АҚШнинг «Хавфсиз интернет учун коалиция» нотижорат ташкилоти (Coalition for a Safer Web) Apple компаниясидан Telegram мессенжерини дастур дўконидан (App Store) олиб ташлашни талаб қилган эди. Шунингдек, ташкилот тегишли талаб билан судга 17 январь куни мурожаат қилган. — Интерфакс.

Таиландда 10 долларлик туристик йиғим жорий этилади

Таиланд ҳукумати тез орада 10 долларлик туристик йиғимни жорий қилмоқчи. «Таиландда туристик солиқни жорий этиш 2016 йилдан бери муҳокама қилинмоқда, аммо бу чора ҳар доим қолдирилиб келинди. Энди пандемия сабабли, асосан, сайёҳларга боғлиқ бўлган мамлакат иқтисодиёти заифлашди. Шу сабабли мамлакат яқин келажакда 300 батлик (10 доллар) туристик йиғимни жорий этишга тайёр», — дейилади хабарда. 2021 йилда Таиланд 10 млнга яқин чет эллик меҳмонларни қабул қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Бир йил олдин у ерга 6,7 млн чет эллик саёҳатчилар келган, бу 2019 йилга нисбатан сезиларли даражада кам (40 млн). «Кичик йиғим сайёҳларни Таиландга саёҳат қилишни тўхтата олмайди, шу билан бирга инфратузилманинг ҳозирги ҳолати қўрқитиши мумкин. Йиғимдан тушган маблағ сайёҳлик объектларини тиклаш ва сақлашга, шунингдек саёҳатчиларга тиббий ёрдам кўрсатишга сарфланади», — дейилади хабарда. Aйни пайтда Таиланднинг чегаралари чет эллик сайёҳлар учун очиқ, аммо бир қатор қатъий қоидалар мавжуд. — Travel Off Path.