Мухолифатчи Алексей Навалний Германиядан Россияга қайтаётгани ҳақида маълум қилди у ўз Instagram саҳифасида. У август ойида захарланишдан сўнг Германияга олиб кетилган ва «Шарите» клиникасида даволанган эди.

Унинг айтишича, у Москва шаҳрига 17 январь куни «Победа» рейси орқали қайтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, декабрь охирида Россия Тергов қўмитаси Алексей Навалнийга нисбатан катта миқдорда фирибгарлик учун жиноий иш қўзғатилганлигини эълон қилган эди. Таъкидланишича, сиёсатчи Коррупцияга қарши курашиш жамғармасига хайрия сифатида йиғилган 356 млн рублдан ортиқ маблағларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаган.

«Қайтиш ёки қайтмаслик танлови мени ҳеч қачон ўйлантирмаган. Чунки мен кетмаганман. Хушимга келганда мен Германияда эдим, у ҳам битта сабабга кўра: улар мени ўлдирмоқчи бўлишди», — деб ёзмоқда Навалний.

12 январь куни Жазоларни ижро этиш бўйича федерал хизмат Москва туман судига Алексей Навалнийнинг «Ив Роше» иши бўйича шартли жазо муддатини ҳақиқийсига алмаштириш тўғрисида ариза юборди. Бўлим буни сиёсатчи шартли судланган шахснинг вазифаларини бажармаганлиги ва жиноят-ижроия инспекцияси назоратидан қочганлиги билан изоҳлади.