Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида спиртли ичимликдан захарланган 6-бемор 6 январь куни вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Олдинроқ Тўрақурғон туманида 13 нафар шахс қалбаки «Градусник» спиртли ичимлигини истеъмол қилиб, захарланганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Ҳозирда 6 нафар бемор соғайган, бир нафари эса реанимацияда оғир аҳволда қолмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 2 нафар шахс: сотувчи А.С. (қамоқ) ва етказиб берувчи аёл Н.А.га (уй қамоғи) нисбатан эҳтиёт чораси қўлланилган.

Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 186 моддаси, 4-қисми «а» банди (Истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноий иш қўзғатилди.