Наманган вилоятининг Тўрақурғон туманида қалбаки «Градусник» спиртли ичимлигини истеъмол қилиб, захарланганлар сони аввал хабар қилинганидек, 12 нафар эмас, 13 кишидан иборат. Бу ҳақда Daryo.uz ёзмоқда.

Захарланиш оқибатида вафот этканлар икки кишидан беш кишигача етди. Мазкур маълумотни «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.

Нашрнинг аниқлик киритишича, захарланганлар орасида — «Соҳилобод» маҳалласида яшовчи саккиз нафар йигит 31 декабрь куни соат 08:10 да туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига олиб келинган. Янги йилнинг дастлабки кунлари туманнинг бошқа маҳаллаларида яшовчи беш нафар фуқаро ҳам шифохоналарга ётқизилган, улардан бири Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.

Шифокорларнинг кўрсатган тиббий муолажаларига қарамай, заҳарланганлардан дастлаб икки, кейинчалик эса уч нафари ҳаётдан кўз юмди. Уларнинг энг каттаси — 52, энг кичиги эса — 36 ёшда бўлган.

Ҳозирги вақтда олти нафар бемор соғайиб, уйига жавоб берилган, икки нафари эса реанимация бўлимида оғир аҳволда қолмоқда.

«Дастлабки хулосаларга қараганда, заҳарланиш „Градусник“ номли қўлбола спиртли ичимлик истеъмолидан келиб чиққан. Зудлик билан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилгани туфайли бошқа бундай ҳолатлар юз бермади», — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Исмоилов.

Туман прокурори Элёрбек Талабоев ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилгани ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қайд этган.