2020 йил 29−31 декабрь кунлари Наманган вилоятининг Тўрақурғон туманида 12 нафар фуқаро спиртли ичимлик истеъмол қилгани оқибатида шифохонага ўткир захарланиш ташхиси билан ётқизилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар беришича, захарланиш «Градусник» номли Қирғизистон Республикаси акциз маркаси ёпиштирилган ичимликни ичиш оқибатида содир бўлган.

Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қармасдан, уларнинг 2 нафари вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тўрақурғон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.