«Муборакнефтегаз» нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг бешта конида электр энергияси билан боғлиқ ҳолат юзага келиши натижасида, Муборак газни қайта ишлаш заводидан газ таъминоти деярли тўлиқ тўхтатилади, дея хабар бермоқда «Худудгаз Андижон».

«Шу сабабли, газ қувурларининг жанубий тизими орқали газ ташишнинг кескин пасайиши, жумладан, Фарғона водийсига келтирувчи газ тармоқлари ҳамда магистрал қувурларида босим пасайиши кузатилмоқда», — дейилади «Худудгаз Андижон» хабарида.

Бунинг оқибатида Андижон вилояти ҳудудида вақтинчалик газ таъминотида узилишлар юзага келмоқда. «Худудгаз Андижон» тасарруфидаги барча шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимларига магистрал газ қувурлари орқали етказиб берилаётган табиий газни биринчи навбатда аҳоли, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига йўналтирилиши маълум қилинди.

Шунингдек, табиий газ билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш бўйича ишлар ташкил этилди ва кучайтирилган ишчи гуруҳларнинг шайлиги таъминланди, дейилади хабарда.