АОКА хабарига кўра, Ўзбекистондаги эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоқлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан, 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар қуйидаги давлатлар билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилади.

  • Буюк Британия;
  • Италия;
  • Германия;
  • Дания;
  • Австрия;
  • Австралия;
  • Нидерландия;
  • Жанубий Африка Республикаси.

Шу билан бирга, ушбу давлатлар фуқаролари, у ерда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари ушбу чеклов давомида Ўзбекистонга киритилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида ушбу давлатларда бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши белгилаб қўйилди.

Мазкур жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилиши айтилмоқда.

Олдинроқ Нидерландия, Дания ва Австралияда, бундан аввал Буюк Британияда коронавируснинг янги штамми аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, мамлакатда SARS-CoV-2 нинг мутацияланган тури қайд этилганлигини айтган.

Коронавируснинг ушбу штамми бошқа кўринишларга қараганда тезроқ тарқалмоқда, деди Британия соғлиқни сақлаш вазири. Маълумотларга кўра, у одатдагидан 70% кўпроқ юқумли. Шу билан бирга, коронавируснинг ушбу штамми ўлимга олиб келади ёки вакциналарга турлича таъсир қилади, деб ҳисоблаш учун ҳозирча ҳеч қандай асос йўқлиги айтилмоқда.