Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 апрелдан тадбиркорлар барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини [троллейбус ва трамвайдан ташқари] бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бу турдаги хизмат билан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензияга эга тадбиркорлар шуғулланиши мумкин.

Бунда ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларида, жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун замонавий автодромларни ташкил этиш ва уларни автоматлаштирилган махсус транспорт воситалари билан жиҳозлаш бўйича қўшимча мажбуриятлар юклатилади.

Имтиҳонлар инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда, давлат ЙҲХХ вакилининг бевосита ёки онлайн назорати остида ўтказилиши белгиланмоқда.

Тадбиркорлар хизматлар учун тўлов миқдорини мустақил равишда белгилайди ва келиб тушадиган маблағлар тўлиқ унинг тасарруфида қолади.

Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун асос бўлувчи махсус ҳимояланган сертификатлар берилади.

Сертификатларнинг зарур реквизитлари давлат хизматлари марказлари ва ички ишлар органларига автоматлаштирилган ҳолда тақдим этилади.