Президентнинг 7 декабрдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори [ПҚ-4913] қабул қилинди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, мазкур ҳужжат билан «Давлат функциялари — бизнес учун имконият» лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳага мувофиқ, давлат бошқаруви соҳасига хусусий секторни жалб қилишнинг дастлабки йўналишлари белгиланмоқда. Давлат функцияларини аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаштириш ва бошқа усуллар орқали босқичма-босқич хусусий секторга бериш кўзланмоқда.

Шу қаторда, 2020 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилган бўлиб, у 2022 йил 31 декабрга қадар амал қилади.

Мазкур тажриба-синов доирасида:

  • 2021 йил 1 апрелдан Кадастр агентлиги томонидан бериладиган малака шаҳодатномасига эга кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига, шу жумладан кўчмас мулк объектларига бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳуқуқи берилади;
  • кадастр йиғмажилдини, жумладан бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш жараёнлари махсус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади ва агентлик томонидан мониторинги юритилади;
  • кадастр муҳандиси фаолиятини юридик шахслар билан меҳнат шартномасини тузиб ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида амалга оширади;
  • кадастр йиғмажилдини тайёрлаш бўйича хизматлар учун нархлар тадбиркорлар томонидан мустақил равишда белгиланади. Бунда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган минимал ставкалардан кам бўлмаслиги талаб этилади. Келиб тушадиган маблағлар эса тўлиқ унинг тасарруфида қолади.

Бундан ташқари, қарор билан 2021 йил 1 мартдан тадбиркорларга оғирлик ва габарит назорати бўйича жами 14 та стационар шохобча ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилмоқда. Стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойларни тадбиркорларга бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Аукцион савдоларига қўйиш учун стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойларнинг бошланғич нархи Автомобиль йўллари қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартиб асосида аниқланади. Жойларнинг дислокацияси ва мазкур ҳудуддаги транспорт оқими тўғрисидаги маълумотлар «E-IJRO AUKSION» тизимидаги алоҳида веб-саҳифада эълон қилинади.

Савдоларда ғолибликни қўлга киритган тадбиркорларга шохобчалар ўрнатиладиган жойлар чекланмаган муддатга ва бошқларга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади. Шохобчаларнинг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, электр энергияси ҳаражатларини қоплаш тадбиркорларга юклатилади.

Оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималардан ажратмалар Ҳукумат томонидан белгиланган тартибда тақсимланади.