БМТ аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашувчи ва унинг қурбонларига кўмаклашувчи аёллар ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 25 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда БМТнинг янгиликлар хизмати хабар берди.

БМТ бош котибининг инсонпарварлик масалалари бўйича ўринбосари Марк Лококнинг маълум қилишича, Фавқулодда вазиятларга жавоб марказий жамғармасидан аёллар ва қизларга қаратилган зўравонликка қарши курашиб, зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатаётган аёллар ташкилотларини қўллаб-қувватлашга 25 млн доллар ажратилишини маълум қилди.

Маблағлар «БМТ-аёллар» ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳисобига ўтказиб берилади. Улар эса аёллар ташкилотлари билан бевосита ишлаб, уларга молиявий ёрдам кўрсатади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш аввалроқ барча мамлакатларни аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашишга чақирган эди. Айниқса коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган карантин вақтида бутун дунёда оилавий зўравонлик ҳолатлари сони ошгани, бунга кўплаб аёлларнинг зўравон билан тўрт девор ортида қолиб кетгани сабаб бўлганини таъкидлаган эди.

Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликни йўқ қилиш куни муносабати билан БМТ анъанавий равишда 16 кунлик фаоллик акциясини ўтказади. Дунё бўйлаб машҳур бинолар ва ёдгорликлар кампаниянинг расмий ранги — тўқ сариқ рангда ёритилади.

Тожикистонда таниқли ёш видеоблогерлар иштирокидаги онлайн флеш-моб, Албанияда аёллар ташкилотлари учун ўзини ҳимоя қилиш бўйича мастер-класслар, Панамада эса минтақа вакиллари иштирокида юқори даражадаги виртуал тадбир бўлиб ўтади.