Сешанба куни Хитойнинг Шанхай ва Тянцзин шаҳарларидаги аэропортларда коронавирус ҳолатлари аниқлангани сабабли бир неча юз рейс бекор қилинди. Бу ҳақда РИА Новости Global Times маълумотларига асосланиб хабар берди.

Шанхайнинг «Пудонг» халқаро аэропортида камида 436 рейс бекор қилинган, шунингдек, Тянцзин «Биньхай» аэропортида 165 та рейс тўхтатилган.

Сўнгги кунларда ушбу икки шаҳарда бир нечта COVID-19 ҳолатлари аниқланган эди.

Бундан аввал, 11 йўловчида коронавирус инфекцияси аниқлангани сабабли, Хитой фуқаро авиацияси регулятори «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Тошкент-Cиань йўналиши бўйича парвозларини вақтинча тўхтатган эди.