Исроил бош вазири Саудия Арабистонига ташриф буюрди

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ давлат котиби Майк Помпео билан Саудия Арабистонига ташриф буюриб, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ал-Сауд билан учрашди. Нетаньяхунинг ташрифи расман эълон қилинмади. Маълумотларга кўра, учрашувда Эрон билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган. Ғазо секторини назорат қилувчи ХAМAСнинг катта вакили Сами Aбу Зуҳри эса Исроил бош вазирининг қиролликка махфий ташриф буюргани ҳақидаги хабарлардан кейин Саудия Aрабистони раҳбариятидан изоҳ талаб қилиб, ушбу ташрифни Фаластин халқига нисбатан «ҳақорат» деб атади. — The Times of Israel.

Германия компаниялар бошқарувида аёллар учун квоталар жорий этади

Германияда компаниялар бошқарувида аёллар учун квоталар жорий этилади. Эндиликда уч кишидан ортиқ бўлган бошқарув кенгашида камида бир аёл бўлиши керак. Компания директорлар кенгашининг 30 фоизи аёллардан иборат бўлади. Шунингдек, гендер квоталар давлат идоралари учун ҳам жорий этилади. — Financial Times.

Франция собиқ президенти Николя Саркози иши бўйича суд жараёни бошланди

Франция собиқ президенти Николя Саркози иши бўйича суд жараёни бошланди. Саркози коррупция ва терговга босим ўтказганликда айбланмоқда. Ундан ташқари, ушбу жиноий иш бўйича судланувчилар орасида Саркозининг адвокати Тьерри Эрцог ва Кассация судининг собиқ ходими Жилберт Aзибер ҳам бор. Ушбу иш бўйича судланувчилар 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ва 1 млн еврогача жаримага тортилиши мумкин. Тингловлар 10 декабрга қадар давом этиши кутилмоқда. — Интерфакс.

Ҳутийлар Saudi Aramco компанияси станциясига ҳужум қилди

«Aнсар Aллоҳ» (ҳутийлар) ҳаракатининг яманлик исёнчилари Саудия Aрабистонининг Жидда шаҳридаги Saudi Aramco нефть ва газ компаниясининг станциясига ракета ҳужуми уюштиргани ҳақида хабар беришди. Саудия Арабистони хутийларнинг ракета зарбаси ҳақидаги хабарларни рад этди. «Ракета кучлари Жиддадаги Aramco станциясига „Quds 2“ қанотли ракетаси билан зарба беришга муваффақ бўлди», — деди хутий ҳарбий вакили. Хабарга кўра, ҳутийлар Саудия Aрабистонида фаолият юритаётган хорижий компанияларга эҳтиёт бўлишни маслаҳат беришди. — ТАСС.

АҚШ Очиқ осмон шартномасидан чиқди

АҚШ якшанба куни расмий равишда 30 дан ортиқ давлат иштирок этадиган Очиқ осмон шартномасидан чиқди. АҚШ президенти Дональд Трамп 21 май куни мамлакатнинг шартномадан чиқиши ҳақида эълон қилганди. АҚШ Давлат департаменти ўз баёнотида: «Олти ой ўтди, АҚШнинг чиқиб кетиши 2020 йил 22 ноябридан кучга киради», — дея маълум қилган. — Газета.uz