АҚШ якшанба куни расмий равишда 30 дан ортиқ давлат иштирок этадиган Очиқ осмон шартномасидан чиқди, дея хабар берди Euronews.

АҚШ президенти Дональд Трамп 21 май куни мамлакатнинг шартномадан чиқиши ҳақида эълон қилганди. АҚШ Давлат департаменти ўз баёнотида: «Олти ой ўтди, АҚШнинг чиқиб кетиши 2020 йил 22 ноябридан кучга киради», — дея маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Вашингтон Россияни шартномани бузган ҳолда Калининград вилояти, Грузия чегараси яқинида ва йирик ҳарбий машғулотлар ўтказиладиган ҳудудларда парвозларни тақиқлашда, ва шунингдек, АҚШ инфратузилмаси ҳақидаги маълумотларни тўплашда «шартнома талабларини суистеъмол қилганликда» айблаган.

Шартнома 1992 йилда имзоланган ва иштирокчиларга қўшинларнинг жойлашуви ва ҳаракатланишини кузатиб, бир-бирларининг ҳудудлари бўйлаб учиб ўтишга имкон беради ва шу билан қуролларни чеклаш тўғрисидаги бошқа шартномаларнинг бажарилишини назорат қилади. Ушбу парвозлар натижасида олинган маълумотлар келишувнинг барча томонлари учун очиқ бўлади.

Бир неча кун олдин Россия Ташқи ишлар вазирлиги келишувда қолган мамлакатлар Вашингтон билан маълумот алмашишни тўхтатиши ва шу билан бирга Европа мамлакатларидаги Америка ҳарбий базалари келишувдан истисно бўлиб қолмаслигига умид билдирди.