Президент «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаси хабар қилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, қурилиш корхоналарига ишчиларни уларга иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан ёллашга муддатли равишда рухсат берилмоқда. Бунда нақд пул меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 10 фоизидан ошмаслиги, ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари сақлаб қолиниши лозим.

Фармон билан бизнеснинг «соядан» чиқишини рағбатлантириш, солиқ режимини соддалаштириш ҳамда нақдсиз тўловларни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

Умумий овқатланиш шаҳобчаларига банк карталари ва контактсиз тўловлар орқали жисмоний шахслардан олган даромадлари умумий даромадга киритилмайди. Бунда умум белгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш кўзланган.

Хабарингиз бор, 2021 йил 1 январдан риэлторлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олиш талаби бекор қилинган эди. Эндиликда айланмадан олинадиган солиқ ставкаси ҳам 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилмоқда.

Бундан ташқари, онлайн касса чекларида акс этган QR коди асосида совринли ўйинларни ўтказиш эксперименти 2020 йилда бутун республика бўйича амалга оширилади.

Маълумот ўрнида, ҳозирга қадар Тошкент шаҳрида 9 ойда 3,3 триллион сўмлик 16,3 миллионта чек, вилоятларда эса 6,3 триллион сўмлик 22,7 миллионта чек чиқарилган. Совринли ўйинларга 1 миллиард сўм ажратилган бўлиб, 2020 йил 1 октябрь ҳолатига 524 миллион сўмлик совринлар ўйналди.

Ҳужжат билан солиқ ва божхона маъмуриятчилиги воситалари солиқлардан бўйин товлаган жисмоний ва юридик шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортишга қаратилади.

Бу қуйидагилар орқали амалга оширилади:

  • тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколатли органни хабардор қилган ҳолда ўтказиладиган сайёр солиқ текширувлари натижаларини ОАВларда эълон қилиш тартибини жорий қилиш;
  • cолиқ органларининг маълумотларини қайта ишлаш марказини янада ривожлантиришга 100 миллиард сўм маблағ ажратилади. Солиқ ислоҳоти натижасида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ресурс солиқларини тўловчи шахслар сони ўртача 15 баробар кўпайиши кутилмоқда. Халқаро экспертларнинг фикрича, IT даражаси юқори бўлган мамлакатларда яширин иқтисодиёт улуши паст.