Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари раислари жорий йилнинг 9 ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан ахборот берди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди раиси Гульнора Базарбаеванинг маълум қилишича, ҳисобот даврида 954 нафар шахсга нисбатан 735 та жиноят иши кўриб тамомланган.

Ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 фоизга камайган бўлса, шахслар сони эса 4,6 фоизга кўпайган. Мазкур даврда кўриб тамомланган жиноят ишларининг 155 таси ёки 21,1 фоизи сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган.

Шунингдек, суд томонидан 3 киши оқланган, 81 кишига жазо тайинланмасдан айблов ҳукми чиқарилган, 1 киши тайинланган жазодан озод қилинган, 12 кишига тайинланган жазо шартли деб ҳисобланиб, синов муддати белгиланган. 246 нафар фуқаро тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Бундан ташқари маҳалла, хотин-қизлар ва ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 18 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси К.Тарихов ҳисобот даврида 5498 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланганини, 2655 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилганини маълум қилди.

Кўриб тамомланган ишларнинг 4227 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. 3633 та даъво қаноатлантирилиб, 594 таси рад этилган. 512 таси иш юритувдан тугатилиб, 759 таси кўрмасдан қолдирилган.

Шунингдек, 1874 та фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилган ва бу жами ишларнинг 34,1 фоизини ташкил этади.

2020 йилнинг 9 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ва туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 520 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 365 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди, 2 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо қўлланилди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича жами 13 110 та шахсга нисбатан 11 360 та иш кўриб чиқилди. Жумладан, 7906 нафар шахсга жарима, махсус ҳукуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди. 3641 кишига нисбатан 3021 та маъмурий иш ҳаракатдан тугатилган.

2019 йилнинг шу даврига нисбатан ҳуқуқбузарликлар 32,4 фоизга камайган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 1489 та автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, 1142 та спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқбузарлиги содир этилган. Кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан йўловчиларни лицензиясиз ташиш 33,7 фоизга, маст ҳолда транспорт бошқариш 45,4 фоизга камайган.

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раиси Гаухар Зарипованинг ахборотида қайд этилишича, жорий йилнинг тўққиз ойида иқтисодий судлар томонидан 3 029 та иш кўриб чиқилган.

Кичик бизнес субъектлари ва якка тадбиркорлар иштирокида жами 2717 та иш кўрилиб, ишни кўриш натижаларига кўра уларнинг фойдасига 24,2 миллиард сўм ундириш ҳақида суд қарорлари чиқарилган. Шунингдек, 4 млрд 351 миллион сўм бюджетга ундириш бўйича суд қарорларига асосан давлат божлари ундирилган. Тарафлар томонидан 793,7 миллион сўм давлат божи ихтиёрий тўланган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан иқтисодий ишлар 2106 тага камайган.

Ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 98 та, жумладан, 12 та шахсга нисбатан маъмурий, 22 та шахсга нисбатан моддий, 52 та шахсга нисбатан интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида ва 12 та шахсга нисбатан бошқа турдаги таъсир чоралари қўлланилган.