Ўқитувчиларнинг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача оширилади. Бу ҳақда АОКАда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини ривожлантиш масаласида қабул қилиниши кутилаётган Президент Фармони лойиҳаси юзасидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

Шерзод Шерматовнинг қайд этишича, синф раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга оширилади. Методистларларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.

Манба: АОКА

Битирувчиларининг ОТМларга ўқишга кириш кўрсаткичлари юқори бўлган умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари рағбатлантирилади. Шунингдек, халқаро фан олимпиадалари ғолибларнинг ўқитувчиларига тўғридан тўғри олий малака тоифаси берилади.

Халқ таълими вазирининг таъкидлашича, 2024 йилга қадар юқори натижаларга эришган педагогларнинг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача босқичма-босқич оширилади.

Шунингдек, халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилади.

Анжуманда 1 майдан бошлаб НТТ ҳамда ОТМларга халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш ҳуқуқи берилиши ҳақида ҳам маълум қилинди. Бундан ташқари, ушбу санадан бошлаб «Узлуксиз касбий таълим» махсус электрон платформаси ишга туширилади.

2021 йил 1 январга қадар қисқа муддатли педагогик курслар ва синф раҳбарларини тайёрлаш бўйича ўқув курслари жорий қилинади.