Давлат божхона қўмитаси «Банк сири тўғрисида"ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси юзасидан изоҳ берди. Эслатиб ўтамиз, лойиҳада қўмитага ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари тўғрисида банк сирини ташкил этувчи маълумотга эга бўлиш ҳуқуқини бериш таклиф қилинган.

«Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосий мақсади божхона органларида мавжуд маълумотлар асосида ТИФ иштирокчиларининг молиявий барқарорлиги, ҳалоллиги ва қонунга итоаткорлик даражасини баҳолаш тизимини такомиллаштириш орқали уларга нисбатан соддалаштирилган божхона назорати шакллларини кенг қўллаш, шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган», — дея таъкидлади қўмита.

Божхона органларига банклардан банк мижози бўлган ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) иштирокчисига тегишли маълумотларни олиш ҳуқуқини берувчи Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш президентнинг 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» ПФ-6005-сон Фармони билан тасдиқланган «йўл харитаси»да белгилангани ҳақида эслатиб ўтди ДБҚ.

Қўмита «Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги қонуннинг 7-моддасига кўра, божхона органлари банклардан, молия органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ҳамда олиш ҳуқуқига эга эканлигини ҳам таъкидлади.

Бундан ташқари, «Банк сири тўғрисида"ги қонуннинг 9-моддасига кўра, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокуратура, тергов ва суриштирув органларига мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда, етказилган зарар ундириб олинишини ёки унинг мол-мулки хатланишини таъминлаш мақсадида терговчи ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси билан тақдим этилиши кўрсатиб ўтилган.

«Амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат божхона хизмати органлари терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган ҳисобланади. Шу билан бирга, божхона органларига товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейин божхона назоратининг шакли сифатида божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юклатилган», — дея изоҳ берди қўмита.

ДБҚ хорижий давлатлар, хусусан, Буюк Британия, Испания, Голландия, Жанубий Корея ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕИИ — Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия) банклардан, кредит-молиявий ва банк операцияларини амалга оширувчи бошқа ташкилотлардан маълумотларни олиш ҳуқуқи эга божхона аудитини ўтказиш амалиётини мисол қилди.

«Жумладан, ЕИИ Божхона кодексининг 335-моддасида божхона органлари мансабдор шахслари божхона текширувини амалга ошириш учун банклардан, кредит-молия ташкилотларидан банк сирини сақлаган ҳолда маълумотларни олиш ҳуқуқига эга экани белгиланган», — дейилади хабарда.