Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) томонидан «Банк сири тўғрисида"ги қонунга қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Давлат божхона қўмитаси шу йўл билан компанияларнинг банк сири деб ҳисобланув маълумотларига эга бўлиш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи.

Лойиҳага кўра, қўмита ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг банк маълумотларига эга бўлиш учун қонуннинг 8-моддасига (банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш) қўшимча киритишни таклиф қилмоқда. Гап «Давлат божхона қўмитаси зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун» банк мижози бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳисоб рақамлари, омонатлари (депозитлари), улардаги пул маблағларининг қолдиғи ва операциялар тўғрисидаги маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлиш ҳақида бормоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, банк сирларини ташкил этувчи маълумотларга эга бўлиш ҳуқуқи Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига берилган. Департамент бу ҳуқуқни 2019 йил январь ойида қўлга киритган.