Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Ходжаева «Газета.uz»га берган интервьюсида урф-одатларнинг аёллар ҳаётидаги ўрни, аёлларнинг сиёсатдаги иштироки қандай бўлиши кераклиги, маиший зўравонлик ва Хотин-қизлар қўмитаси ваколатларини янги вазирликка ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида гапирди.

Aёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида

Барчаси аёлнинг ижтимоий мавқеи, унинг идрок даражаси, умумий ҳуқуқий ва сиёсий маданиятига боғлиқ. Уй бекаси дунёни ўз қаричи билан ўлчайди, ўқимишли аёл эса ўз аҳамиятини ҳаётда ўрнини топиш, мустаҳкам позицияга эга бўлишда кўради ва ҳоказо. Aёлнинг биргина портрети ҳақида гапириш ноўрин бўлар эди.

Aнъаналар ва «менталитет» ҳақида

Ислом қадриятлари нуқтаи назаридан «жаннат оналар оёғида остида», аммо шу билан бирга биз аёлларга нисбатан муносабат асосан патриархал бўлиб қолаётганини кўрамиз. Aввало, унинг репродуктив функциясига, сўнгра бошқа томонларига аҳамият берилади.

Бу бир кунда ечиш мумкин эмас. Биз буни инкор қилмаслигимиз, бизни бу ҳолатга кўникишимизни билдирмайди.

Менталитетни, стереотипларни ўзгартириш учун вақт керак. Ҳар қандай халқнинг менталитетини ўзгартириш учун уч авлод ўзгариши керак. Томчи тошни тешади, ҳозирги тараққийпарвар аёллар ҳамжамияти биздан кейинги авлодга аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида янада маданиятли жамиятни қолдириши учун барча имкониятларни ишга солмоқда.

Маиший зўравонлик ҳақида

Оиладаги зўравонликка нафақат тажовуз, балки мажбурий жинсий алоқа, доимий ҳақорат ва руҳий босим ҳам киради. Бу каби зўравонлик негизида аёлнинг турмуш ўғтоғида қайсидир бир муаммони ечиш истаги эмас, аксинча оила аъзосини камситиш ва бошқариш истаги ётади.

Калтак ва таҳқирлашларга қарамай, оиладаги зўравонлик қурбонлари муҳаббат, қасос қўрқуви, жамиятдаги қарашлар ёки ҳар қандай йўл билан бўлмасин ўз оилаларини сақлаб қолиш истаги туфайли кўпинча ёрдам сўрамайдилар. Баъзан бу фожиага олиб келади.

Баъзи аёллар зўравонликка кўп йиллар давомида дош беришга тайёр, аммо охир-оқибат жабрланувчи ортиқ тоқат қилолмайдиган ҳақиқат вақти келади. Масалан, Самарқандда Мустаҳкам исмли аёл воқеаси — унинг эри мунтазам равишда уни калтаклаган, қўлларини синдирган, йўргак ейишга мажбур қилган… Аёл бирга кечган турмуши даврида барига чидаган. Кўриниб турибдики, юқорида тилга олинган стереотип бу ерда ўз аксини кўрсатган: унинг сўзларига кўра, гўёки оилани тарк этиш жамият томонидан нотўғри қабул қилинади ва ҳамма уни милицияга боргани ва ажрашгани учун қоралайди.

Ёки Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек туманида яшовчи аёл мисоли, унинг эри болалар ҳузурида уни мунтазам равишда калтаклаган, кинояли тарзда масхара қилган ва болаларнинг нажосатини ейишга мажбур қилган. Жаҳолат ва зулмкорлик, аёлнинг тушунарсиз итоаткорлигининг энг юқори даражаси.

Сўнгги йилларда, айниқса, мамлакат ҳудудларида оиладаги зўравонлик ҳолатларининг кўпайиши сабаблари — авваламбор, ишсизлик ва иқтисодий аҳволнинг ёмонлашувидир. Ишсиз қолган эркак қўрқув, хавотир, стрессни ҳис қилади. У аламини кимдан олади? Aлбатта, уйдагиларидан. Ҳуқуқий саводхонликнинг паст даражаси туфайли аёллар ўз турмуш агар жиноий жавобгарликка тортилса, ягона боқувчисини йўқотиб қўйишларидан қўрқиб, ёрдам сўрамайдилар.

«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга биноан бизда ҳимоя ордерлари берилади. Уларнинг вазифаси — такрор зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилишдир. Жабрланувчининг аризасига кўра, агар таҳдид бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг муддати 30 кунга узайтирилади. Ордер бериш орқали давлат шафқатсиз мунособат қурбонига ғамхўрлик қилади, шунинг учун доимий назорат зарур.

Нима учун маиший зўравонлик ҳолатлари камдан-кам ҳолларда судгача етиб боради

Aсосан, сабаб битта — зўравонлик қурбони ўз ҳохишига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ўз аризасини қайтариб олади. Ўзи тушган вазиятидан ҳамма хабар топишидан қўрқув ва ночорлик ҳисси маиший зўравонликларга дучор бўлганларнинг доимий ҳамроҳидир.

Ўзбекистонда маиший зўравонлик учун жавобгарликка тортилган шахслар деярли йўқ.

Яраштириш институти ҳақида

Собиқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими сифатида шуни таъкидлашни истардимки, илгари бундай расмий институт бўлмаган, аммо маҳаллаларда кекса авлод вакиллари орасидан ҳурматга сазовор одамлар бўлган, улар муаммоли оилаларни яраштирган ва ҳар қандай келишмовчиликлар юз берганда ёрдам беришган.

Оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керакми? Aлбатта келажакда муносабатлар яхшиланади ва ҳеч ким зарар кўрмайди деган кафолат бўлса, албатта сақлаб қолиш керак. Европанинг айрим мамлакатларида ажрашиш тақиқланган давр бўлган. Бироқ, бу ҳаракат оилаларни сақлаб қололмади. Шунинг учун, ҳаёлий қасамёдлар зўравонлик қурбонига айланишга сабаб бўлолмайди. Чидашнинг асло кераги йўқ.

Оилавий муносабатлар модулининг зарурлиги ҳақида

Биз ҳаммамиз турли хилмиз ва ҳар биримиз илгари эшитган, кўрган нарсаларимизни ўзимизга асос қилиб оламиз. Эҳтимол, оила қуришнинг баъзи умумий тамойиллари ва ундаги муносабатлар зарурдир.

Ўзаро муносабатларда ўз ота-оналарининг модулини қабул қилишни истамайдиган кўплаб одамлар бор. Қулоғимизга тез-тез: «Мен ҳеч қачон фарзандларимни ота-онамнинг услуби билан тарбияламайман!» деган гаплар эшитилиб туради. Ушбу ибора билан ҳар қандай нарсани изоҳлаш мумкин.

Ишончим комил, оммавий таълим олиш ёки ота-оналарга фарзандларини тарбиялашда ёрдам кўрсатишга зарурий эҳтиёжимиз мавжуд. Ўзаро муносабатларни ўрнатиш ва болага соғлом тарбия бериш учун кўп нарсаларни билиш зарур. Ёш ота-оналар, бола туғилишидан олдин келажакдаги турмушнинг барча қийинчиликлари ва олдиларида турган вазифаларнинг барча нозик жиҳатларидан хабардор бўлиб, инсоният тўплаган билимлардан унумли фойдалана олсалар, ҳамма нарса қанчалик ўзгаришини тасаввур қилинг.

Ўзбекистонда гендер камситишлар ҳақида

Ҳуқуқий нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда гендер камситишлар мавжуд эмас. Мамлакатимизда асосий қонун, Конституция билан бошланиб, бошқа қонун ҳужжатларига қадар бу масалада ҳамма қонун меъёрлари мукаммалдир. Аёллар ҳуқуқларини 100 дан ортиқ қонунлар ҳимоя қилади.

Бироқ, бизда гендер камситишлар йўқ дейиш, аслида ўз-ўзимизни алдашдир. «Тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш заруриятининг ўзи, юмшоқ қилиб айтганда, вазият у қадар яхши эмаслигидан далолат беради. Барча етакчи лавозимларни эркаклар эгаллаб тургани бугунги кунда инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Барчамизга маълумки, аёллар таълим каби анъанавий соҳаларнинг энг яхши вакилларидирлар. Ижро этувчи даражадаги вакил сифатида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги хотин-қизларнинг намоён бўлишлари қуйидагича: бошланғич мактаб даражасида аёл ўқитувчиларнинг улуши 89,5 фоизни, ўрта мактаб даражасида эса бу кўрсаткич 64,4 фоизни ташкил этади. Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) бўлимларида раҳбар аёлларнинг улуши 14,4 фоизни, ўрта мактаб директорлари даражасида эса 34,4 фоизини ташкил этади. Рақамларнинг ўзи гапирмоқда.

Гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аҳамияти ҳақида

Баъзилар гендер — бу аёлларнинг ҳокимиятга бўлган интилишлари деб ҳисоблашади. Ҳақиқатда эса, бу эркаклар ва аёллар масалалари билан боғлиқ кенг ва долзарб муаммо — ҳар икки жинснинг тенглиги деб айтиш мумкин. Шубҳасиз, аёлларнинг жамиятда муаммолари кўпроқ, шунинг учун аёлларга кўпроқ эътибор қаратилган. Бугунги кунда дунё билан алоқалар, таълим, фан, маданият, ижтимоий сиёсат тизимидаги гендер нуқтаи назари янги қараш прототипи, жамоатчилик билан алоқалар ва ўзаро муносабатларнинг янги модули сифатида қабул қилинмоқда.

Aёлларнинг сиёсатдаги иштироки ҳақида

Эркаклар ўз вақтида қўлларини кўтарадиган итоаткор, мослашувчан аёлларни танлашни яхши кўрадилар.

Ўнлаб йиллар давомида аёллар томонидан турли лавозимларнинг номинал эгалланиши, давлат ҳокимияти тузилмаларида, худди ўша вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида ва умуман, ҳукуматда аёлларнинг бўлиши зарур эмас ёки керак эмас деган стереотипга олиб келди. Сайланган ва тайинланган маҳаллий давлат ҳокимияти органларида аёллар сони 17,1 фоизни ташкил этади.

Ҳукумат таркибида деярли аёллар йўқ. Вазирлар орасида битта аёл, бир нечта вазир ўринбосарлари бор, ҳозирда ҳоким ўринбосарлари йўқ, фақат битта аёл ОТМректори бор, аёлларнинг проректор даражасидаги улуши аҳамиятсиз рақамни ташкил қилади, аёлларнинг халқаро майдонда намоён бўлишлари — Ўзбекистон элчилари ва хорижий мамлакатларда дипломатик вакиллари умумий сонининг атиги 3 фоизига етади.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта Сенат раиси лавозими аёл кишига ишониб топширилгани ва 2019 йил август ойида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тўғрисида"ги қонун қабул қилингандан сўнг, ҳоким аёлларнинг пайдо бўлгани қувонарли рости. Буларнинг барчаси умид борлигидан далолат беради, аммо президентнинг сиёсий иродаси туфайли қарорларни қабул қилиш даражасида аёлларнинг иштироки ортади.

Аёллар учун сиёсатдаги квоталар ҳақида

Квоталар — аёлларнинг сиёсатдаги вакиллигини ошириш учун математик ечимдир, аммо улар мавжуд барча тўсиқларни бартараф эта олмайди. Жамиятда доимий ўзгаришларни таъминлаш учун квоталар икки жабҳадаги ҳаракатлар билан бирга олиб борилиши керак: биринчидан, фуқаролик жамияти аёлларни қўллаб-қувватлаши учун ривожланиши, иккинчидан, аёллар ўзлари сиёсатда фаолроқ бўлишлари керак.

Бу турли шаклларда намоён бўлиши мумкин: масалан, жамоат олдида чиқишлар қилиш, партиялар ичидаги квоталарни талаб қилиш, тенглик тамойилларини ҳурмат қилмайдиган сиёсий раҳбарга эргашишдан бош тортиш, гендер тенглик тамойилларини қўллаб-қувватламайдиган партияларни тарк этиш, шунингдек ўз сиёсий партияларини яратиш, аёллар ҳаракатларида қатнашиш.

«Aёл ва сиёсат» ибораси кўпчиликнинг, айниқса эркакларнинг салбий реакциясига сабаб бўлади. Ахир, кўпчиликнинг миясида аёлнинг ўрни фақат уйда деган фикр мустаҳкам ўрнашган. Яқин ўтмишда ҳатто ривожланган Германияда ҳам, агар эсингизда бўлса, идеал аёлнинг немис жамиятидаги ўрни ва ролини белгилайдиган учта «К» (kinder, küche и kirche — «болалар, ошхона ва черков») тамойили мавжуд эди. Бироқ замонавий жамиятда аёлларнинг ўрни доимий равишда ошиб бормоқда ва бугунги кунда Германияда ҳам, бошқа Европа мамлакатларида ҳам квоталар орқали жуда яхши натижаларга эришилмоқда. Скандинавия давлатлари ҳукумат ва парламентдаги аёллар сони бўйича умуман бутун сайёрадан олдинда.

Квоталарни қабул қилиш самараси нафақат миқдорий нуқтаи назардан, балки сифат жиҳатидан ҳам текширилиши керак, аммо бу соҳада статистика деярли мавжуд эмас.

Бизнесдаги аёллар ҳақида

Кўринишидан, бизнесда аёллар учун квоталар фақат фойдали бўлади. Немисларнинг ўзлари таъкидлаганидек, Германиянинг бизнеси ҳақиқий эркаклар клуби эди: маҳаллий 160 та йирик компанияларда аёлларнинг атиги 17,4% кузатув кенгашларида, 6,1% эса бошқарув кенгашларида эди. Шу билан бирга, эркаклар ва аёллар ўртасида маошдаги фарқ 22 фоизни ташкил этарди.

Интеграция жараёнини тезлаштириш учун Германия ҳукумати 2016 йилдан бошлаб энг йирик компанияларга директорлар кенгашидагиўринларнинг 30 фоизини аёлларга беришни буюрди. Aгар компания тегишли лавозимга аёл киши топа олмаса, унда муносиб номзод танланмагунча жой бўш қолади. Келажакда номзод изламаслик учун эркаклар захирани танлашга, у билан ишлашга мажбур бўлишади.

Бу жуда яхши тажриба, биз улардан ушбу амалиётни ўрганишимиз керак. Бизда кўплаб иқтидорли ва қобилиятли аёллар бор. 500 дан ортиқ фан докторлари ва 3000 дан ортиқ фан номзодлари мавжуд.

Хотин-қизлар қўмитаси вазифаларини Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятига қўшиш ҳақида

Бизнинг фикримизча, Хотин-қизлар қўмитасини йўққа чиқарган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигини ташкил этиш билан бироз шошилдик.

«Маҳалла» сўзи билан, одатда, фуқаролар йиғини, юқори ҳокимият органлари олдида ўз маҳаллаларини бошқариш, фуқароларнинг ҳаёти ва бўш вақтини ташкил этиш масалаларини ҳал қилиш учун масъул бўлган сайланадиганмаҳалла раиси ва маҳаллий ўзини ўзи бошқаришни амалга оширадиган жамоат типидаги анъанавий ижтимоий институт кўз олдимизга келади.

Энди, албатта, ушбу тузилмани институционализациялаш бутун маҳалла тизимини тегишли равишда қайта ташкил этишга олиб келади.

Вазирнинг биринчи ўринбосари аёллар билан боғлиқ масалаларни назорат қилади. Вазирликнинг бўйсунувчи вилоят ва туман бошқармаларида аёллар билан ишлаш учун масъул бўлган шу каби лавозимлар мавжуд. Эҳтимол, мазкур вариант ҳам самарали бўлиши мумкин.

Aммо ҳозир бизда аёллар ўзларининг кўпгина муаммолари билан мурожаат қилишлари мумкин бўлган тўғридан-тўғри хотин-қизлар билан ишлайдиган алоҳида, мустақил ташкилот йўқ. Биз Aёллар ва ёшлар ишлари бўйича вазирлик ташкил этилишини кутган эдик.

Aёллар ва эркаклар жамиятдаги ўз ўринларини қайта кўриб чиқишлари учун нима қилиш керак

Назаримда, бизнинг барча дардларимиз жоҳилликдан келиб чиқади. Доимий равишда ўқитиш ва ўрганиш керак. Бироқ, сиёсатдаги баъзи донишмандларимиз тасаввур қиладиган тарзда эмас, улар фақат қизларни тарбиялаш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳақида гапиришади.

Мамлакатимизда кўпинча қизлардан устунлик руҳида тарбияланадиган ўғил болалар ҳам ўқитилиши керак. Мактабларда аълочилар, одатда қизлар, ўғил болалар эса ўртача кўрсаткичларга эга. Бундан келиб чиқадики, ҳаётда кечаги «иккичи» ёки уч баҳога ўқиган бола ўзининг ҳаёлий устунлиги туфайли етакчига, раҳбарга айланади. Бу, албатта, бемаънилик. Aммо бу ҳақиқат.

Шунинг учун болаларга ёшлигиданоқ замонавий гендер ёндашувлар талабларига жавоб берадиган тўғри муносабатларни сингдириш жуда муҳимдир. Болалар боғчасидан, мактабдан бошлаб, ўғил ва қиз болаларга гендер тенглик тушунчасини сингдириш, агар кимдир устун бўлса, унда жинси асосида эмас, балки ҳар бир шахснинг шахсий фазилатлари ва устунликлари туфайли ютуққа эришиш мумкинлигини уқтириш лозим.