Қирғизистон бош вазири Садир Жапаров ўз тарафдорлари олдига чиқиб, ўзини президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилди, деб хабар бермоқда АКИpress.

«Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзди. Спикер Канатбек Исаев президент вазифасини бажаришдан бош тортди. Бугун президентлик ва бош вазир лавозими менга ўтди», деди у 15 октябрь куни кечқурун.

Бу ҳақда 24.kg ҳам парламент спикери Канат Исаевнинг ўзига асосланиб хабар берди.

«Мавжуд ижтимоий-сиёсий вазият ва давлатдаги қонун чиқарувчи орган олдида турган вазиятни барқарорлаштириш бўйича энг муҳим вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, мен ўз кучларимни тўғридан-тўғри Жогорку Кенешда ишлашга жамлашга қарор қилдим. Шунингдек, олтинчи чақириқ парламент ваколат муддати тугаши сабабли, мен президент ваколатларини амалга оширишни имконсиз деб биламан», — дея унинг сўзларини келтиради нашр.

Кундузи президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқишини эълон қилганидан сўнг Канат Исаев автомат равишда Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи бўлган эди.

Шундай қилиб, давлат раҳбарининг вазифалари мамлакатнинг амалдаги бош вазири Садир Жапаровга ўтди.

Қирғизистондаги сиёсий инқироз 5 октябрда парламент сайловларининг расмий натижалари эълон қилиниши билан бошланган эди. Мухолифат партиялари натижалардан норози бўлди, мамлакатда бир неча минг одам иштирокида митинглар, тартибсизликлар бошланди. Натижада сайлов натижалари бекор қилинди ва ҳукумат истеъфога чиқди.

Садир Жапаров тартибсизликлар пайтида колонияда бўлган — у тартибсизликларни уюштирганлик ва гаровга олганликда айбланиб 10 йиллик муддатни ўтаётган эди. Намойишчилар томонидан қамоқдан озод қилинганидан бир кун сўнг, парламент бош вазир лавозимига унинг номзодини маъқуллади. Адвокатлар протседуралар бузилганлигини таъкидладилар, шу сабабли у 14 октябр куни ўз лавозимида расман тасдиқланди.