Тошкент шаҳрининг кенгайишини ҳисобга олсак, пойтахтнинг келажаги Сирдарё вилоятида, дея таъкидлади вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев 14 октябрда бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида.

Унинг айтишича, географик жойлашув ва логистика масаласи бўйича Сирдарё вилояти катта завод-фабрикалар учун энг қулай жой ҳисобланади.

«Тошкентликлар ҳафа бўлмасин. Тошкентнинг келажаги Сирдарё деганман. Сабаби, энг қулай йўлда жойлашганмиз. Тошкентда, барибир, шаҳар кенгаяди, эртага у ердан завод-фабрикаларни, экологик томондан ҳам, Тошкент шаҳридан кўчиришга тўғри келади. Қаерга келади шулар? Албатта, узоқроқ ҳудудга келади», — деди у.

Маъмурият раҳбаридан, шунингдек, унинг Сирдарё вилояти иккинчи Америка бўлиши ҳақидаги гапларини изоҳлашини сўрашди. 2019 йил августда у Сирдарё чўлларини обод қилиш мақсадида водий, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларидан аҳоли вакиллари келган деган эди.

«Шунинг учун кўпчилик менга ушбу вилоятда ишлаш қийин бўлади, деб айтганди. Мен уларга, демак, биз иккинчи Америка бўлар эканмиз-да, деб айтганман. Сабаби Америка ҳам турли минтақалардан келганлар жамоасидан ташкил топган», — дея таъкидлади у Халқаро инвестиция форумидаги нутқида.

Мирзаевнинг айтишича, кўпчилик унинг бу гапларини тўғри тушунмаган ва бундан ҳафа эмаслигини айтди.

«Қаерда рақобат бўлса, қаерда кураш бўлса, қаерда тортишув бўлса, ўша ерда ўсиш бўлади. Бундан қўрқмаслигимиз керак», — таъкидлади ҳоким.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йил январь-июнь ойларида Сирдарёнинг ҳудудий ялпи ички маҳсулоти 4,8 трлн сўмни ташкил этган, бу мамлакат вилоятлари орасидаги энг паст кўрсаткич. Вилоят Ўзбекистон ЯИМнинг шаклланишида энг кичик улушга эга (1,9%).

Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг 2041 йилгача бўлган бош режасини ишлаб чиқиш тўғрисидаги президент фармони лойиҳаси билан пойтахт ҳудудини Тошкент вилояти туманлари ҳисобидан кенгайтириш тўғрисида таклиф берилган.

Август бошида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига туташ туманларнинг ҳудудий тузилишини ўзгартириш лойиҳалари билан танишган эди.