Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистондаги коронавирус пандемиясидан зарар кўрган ҳамда аёллар раҳбарлигидаги кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 млн долларлик молиялаштириш дастурини амалга оширади.

ЕТТБ матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, молиялаштириш пакети кичик ва ўрта бизнес учун 30 млн долларлик кредитлардан ва ЕТТБнинг «Марказий Осиёдаги тадбиркор аёллар» WiB дастури доирасида аёлларга ажратилган 10 млн долларлик кредитдан иборат бўлади.

WiB кредити Жаҳон банки томонидан бошқариладиган «Тадбиркор аёлларни молиялаштириш ташаббуси» доирасида грант маблағлари ҳисобидан таъминланади. Бу тадбиркор аёлларга касб-ҳунар таълимини олишда ёрдам беради, шунингдек, уларга ўз бизнесларини ривожлантириш бўйича билим беради.

ЕТТБнинг молиялаштириш дастури «Ипотека банк» орқали амалга оширилади, маблағлар кейинчалик банкнинг хусусийлаштирилишига ҳам ҳисса қўшади, дейилади матбуот хизматида.

Бугунги кунга қадар ЕТТБ 81 та лойиҳа доирасида Ўзбекистон иқтисодиётига 1,8 млрд евро сармоя киритган.