IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш тизими жорий қилинганидан сўнг мобиль қурилмаларнинг расмий импорти бир неча бор ўсди, дея хабар берди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мобиль қурилмаларни идентификатсия кодлари бўйича рўйхатга олиш тизими амалиётга жорий этилгандан сўнг 2019 йил 1 январидан жорий йилнинг 15 сентябрига қадар республикага 58,8 минг дона мобил қурилмалар олиб кирилган ва ҳозирги кунга келиб импорт ҳажми 7,7 бараварга ўсган.

Бугунги кунда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими орқали тахминан 47,14 млн IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилди, деб таъкидлади Ахборот технологиялари вазирлиги. Жумладан:

  • 2019 йил 1 апрелдан 1 ноябргача — автоматик режимда 42,61 млн IMEI-кодлари;
  • 2019 йил 1 ноябрдан 1 декабрига қадар — операторга мурожаат қилиш орқали 1,47 млн IMEI-кодлари бепул;
  • 2020 йил 1 январдан 15 сентябргача — пуллик асосда 3,06 млн IMEI-кодлари, шулардан импортчилар — 691,1 минг (22,5%), маҳаллий ишлаб чиқарувчилар — 51,5 минг (1,7%), жисмоний шахс — 2,323 млн (75,8%) та код киритилган.


Агар жисмоний шахслар 30 кун ичида рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизини (44600 сўм) тўлашлари ҳисобга олинса, 2,323 млн IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш 103,6 млрд сўмни ташкил этади. Импорт қилувчиларнинг 691,1 минг коди (базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи) — 30,8 млрд сўм, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг 51,5 минг кодлари (БҲМнинг 10 фоизи ёки 22300 сўм) — 1,1 млрд сўм. Шунда ҳаммаси бўлиб тизимга 135,5 млрд сўм тушди, дея баҳолаш мумкин.

Ҳукумат томонидан 2019 йил сентябрь ойида тасдиқланган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги низомга биноан, IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун амалга ошириладиган тўлов тизим оператори — UZIMEI компаниясининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади, кейинчалик ушбу маблағлар мамлакат телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан чекка ҳудуд ва қишлоқ аҳоли пунктларида, туристик ва рекреация зоналаридаги лойиҳаларини молиялаштириш учун АКТни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Маблағларнинг бир қисми ўз фаолиятини ривожлантириш учун оператор ихтиёрида қолади.

Кодларни рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилгандан сўнг, 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 15 сентябргача 47,3 млн доллар миқдорида 911882 та мобил қурилмалар импорт қилинди. Бу янги тизимнинг натижаси бўлиб, «оқ» импортнинг кўпайишига олиб келди, дея таъкидлади Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Вазирлик маълумотларига кўра, мобиль қурилмалар асосан Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Гонконг ва Қозоғистондан келтирилган. Импортчилар сони 2,7 бараварга ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41 та субъектга ўсган.

Рўйхатдан ўтиш тартибига кўра, жисмоний шахслар IMEI-кодларини онлайн тарзда рўйхатдан ўтказишлари мумкин (тизим веб-сайти, Интерактив давлат хизматларининг ягона портали орқали, SMS/USSD сўров орқали) ёки рўйхатдан ўтиш пунктларига мурожаат қилишлари мумкин. Рўйхатдан ўтиш учун жисмоний шахслар паспорт маълумотларини, телефон рақамини ва IMEI-кодини тақдим этишлари шарт.

Товарларни божсиз олиб кириш қоидаларига риоя қилиш учун божхона чегарасини кесиб ўтиш тўғрисидаги маълумотлар паспорт маълумотлари асосида текширилади. Ушбу жараён UZIMEI ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ўртасида электрон маълумот алмашиш орқали амалга оширилади.

Кодни масофадан рўйхатдан ўтказишда шахсий алоқа йўқлиги сабабли, «паспорт маълумотларини фуқаронинг ўзи — паспорт эгаси ёки бошқа шахс томонидан тақдим этилганлигини аниқлаш мумкин эмас. Шу муносабат билан, ҳозирги пайтда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини учинчи шахсларнинг паспорт маълумотлари асосида рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари мавжуд», — дейилади Ахборот технологиялари вазирлиги хабарида.

Вазирлик ноқонуний деб атайдиган бундай қонунбузарликларга қарши курашиш учун шу ҳафтадан бошлаб текшириш алгоритми жорий этилди. Энди рўйхатдан ўтишда жисмоний шахслар IMEI кодини рўйхатдан ўтказишда фойдаланадиган абонент рақами маҳаллий уяли алоқа операторида ариза берувчининг номига рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

Сўнгги бир неча ой ичида кўплаб ўзбекистонликлар ва мамлакат меҳмонлари IMEI-кодларини ноқонуний рўйхатдан ўтказиш муаммосига дуч келишаётган эди. Сентябрь ойида Давлат божхона қўмитаси ноқонуний рўйхатга олиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олингани ҳақида эълон қилди.