Александр Лукашенко расман Беларусь президенти сифатида ўз лавозимига киришди, дея хабар берди «БЕЛТА» давлат ахборот агентлиги. Инаугурация маросими 23 сентябрь куни Минскдаги Мустақиллик саройида бўлиб ўтди.

Инаугурацияда бир неча юз киши иштирок этди. Улар орасида юқори лавозимлардаги амалдорлар, парламент аъзолари, давлат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, олимлар, маданият ва спорт вакиллари ҳам бўлган.

Александр Лукашенко конституцияга ўнг қўлини қўйиб қасамёд қилган ва тегишли ҳужжатни имзолаган. Сўнгра мамлакат Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина унга президентлик гувоҳномасини топширган.

TUT.BY маълумотларига кўра, инаугурация ҳақида олдиндан эълон қилинмаган ва эфирларда узатилмаган. «Беларусь Республикаси президенти тўғрисида"ги қонунга биноан, қасамёд қабул қилиш маросими республика телерадиоканаллари орқали эфирга узатилиши керак. Бунинг ўрнига давлат телеканалларида сериаллар намойиш этилган.

«Мен Беларуснинг биринчи президенти бўлганимдан ҳеч қачон афсусланмасликларингиз учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан», — деди Александр Лукашенко инаугурация вақтида.

Эслатиб ўтамиз, Беларусда президентлик сайловлари 9 август куни бўлиб ўтди. МСК маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 80,1 фоизи Александр Лукашенкога овоз берган. Жами мамлакат миқёсидаги сайловларда иштирок этиш кўрсаткичи 84,28 фоизни ташкил этди. Сайлов натижалари эълон қилинганидан бошлаб мамлакатда икки ойдан бери оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда.