UzAuto Motors акцияларини оммага таклиф этиш — IPO ўтказишга тайёргарликни бошлади. Буни компаниянинг Ягона корпоратив маълумот портали ва давлат харидлари порталига жойлаштирган маълумотларидан кўриш мумкин. Бунга «КорпИнфо» Telegram-каналида эътибор қаратишди.

Маълумот учун, IPO (Initial Public Offering), бу — компания акцияларининг бирламчи бозорга чиқарилишидир. Яъни акциялар кенг оммага таклиф этилади.

Компания 10 фоизгача миқдордаги қўшимча акциялар чиқаришни режалаштирмоқда. Автомобиль ишлаб чиқарувчиси ҳозирда ушбу жараён билан шуғулланувчи молиявий воситачини қидирмоқда.

Бугунги кунда компаниянинг ягона эгаси давлат ҳисобланади, UzAuto Motors 100 фоиз «Ўзавтосаноат»га тегишли бўлиб, у ўз навбатида, Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли.

Spot нашрига кўра, UzAuto Motors IPO ўтказишни режалаштираётгани ҳақида январь ойида маълум бўлган эди.

Шунингдек, Spot нинг маълумотларига кўра, «Ўзавтосаноат» га тўртта компаниянинг, хусусан UzAuto Motors, Avtooyna, Avtokomponent ва Uzavtosanoat Leasing акцияларини сотиш бўйича топшириқ берилган.

Аввалроқ давлат компаниялари орасида биринчи бўлиб «Кварц» компанияси IPO ўтказгани хабар қилинган эди. Компания дастлабки босқичда жами 2,475 миллионта акцияни савдога чиқарди.