Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистонда фуқароларни турар жой биноларида рўйхатдан ўтказишнинг янги тартиби жорий этилганлигини эълон қилди.

«Бундан буён жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланган барча шахслар, жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, санаторийлар, дам олиш уйларига ва шунга каби бошқа муассасаларга борганда шу муассасалар маъмурияти томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида „E-Mehmon“ автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олиниши керак», — дейилади хабарда.

Рўйхатга олиш аввалгидек 12 соат мобайнида эмас, балки улар келиб жойлашган вақтда, уларнинг бу ерда бўлиш муддати ва келишининг даврийлигидан қатъи назар амалга оширилади.

«Жойлаштириш хизматини кўрсатувчи меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, санаторийлар, дам олиш уйлари ва шу каби бошқа ташкилотлар раҳбарларидан мазкур тартибга қатъий риоя қилишлари сўралади», — қўмита хабарида.

Ушбу тартибларнинг жорий қилиниши маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг соғлиғи ва мулки хавфсизлигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, кафолатган хизматлар кўрсатилишини таъминлашга қаратилган, дея қўшимча қилди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.